Таиланд ва Камбоджа ўртасида тўқнашув


  • 25 Июль, 2025
  • 16

2025 йил 24 июль куни эрталаб Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегарадаги низо очиқ қуролли тўқнашувга айланди. Музокаралар ўрнига ҳаво зарбалари, артиллерия отишмалари ва ракета ҳужумлари бошланди. Тўқнашув Прэахвихеа деб номланган қадимий ибодатхона яқинида, тортишувли ҳудудда рўй берди.

Таиланд Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, тўқнашувлар чегара бўйлаб камида олти нуқтада кузатилган. Ҳар икки томон низони бошлашда бир-бирини айбламоқда.

Таиланд ҳарбийлари Камбоджа томонидан қилинган артиллерия ва ракета ҳужумларига жавобан F-16 жангувар самолётини ишга солганини маълум қилди. Камбоджа эса Таиландни тинч аҳоли инфратузилмаси, жумладан, йўлларга зарба беришда айбламоқда.

PPTV телеканали хабарига кўра, Таиланд армияси Камбоджа ҳаракатларини тўхтата олмаслик ҳолатида қатъий чоралар кўришга тайёр эканини айтди.

Таиланднинг Биринчи армия корпуси қўмондони генерал-лейтенант Амурэт Бунсуя Сакэу вилоятидаги Камбоджа билан чегарада жойлашган 5 та назорат-ўтказиш пункти, шу жумладан, дўстлик кўприги ва 3 та савдо постини ёпиш буйруғини берди.

Таиланд Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Камбоджа томонидан 5 та шифохонага қилинган ҳужумлар оқибатида камида 9 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна ўнлаб одам жароҳатланган. Таиланднинг чегараолди вилоятларида шошилинч эвакуация бошланган.

Камбоджа томонидан қилинган ракета зарбаси Таиланддаги ёнилғи қуйиш шохобчасига ва дўконга тегди. Оқибатда 2 киши ҳалок бўлди, кўплаб яраланганлар орасида болалар ҳам бор.

Таиланд бош вазири Паетонгтарн Чиннават Камбоджани тинч аҳолига ҳужум қилишда айблаб, мамлакатнинг дипломатик саъй-ҳаракатлари якунланганини билдирди. У халқаро ҳамжамиятни Камбоджа ҳаракатларини қоралашга чақирди.

У шундай деди: “Бу жазосиз қолмаслиги керак бўлган ҳужумдир. Биз ўзимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз. Таиланд халқаро протоколларга амал қилган, аммо Камбоджа бизга мажбурий чоралар кўришга сабаб бўлди.”

Шу билан бирга, у аҳолини фақат расмий манбаларга ишонишга ва чегарада хизмат қилаётган ҳарбийларга қўллаб-қувватлаш билдиришга чақирди.

Камбоджа бош вазири Хун Манет БМТ Хавфсизлик Кенгашини фавқулодда йиғилиш чақиришга чақирди. У Таиланд ҳаракатларини халқаро ҳуқуқ ва БМТ Устави ҳамда АСЕАН шартномаларига зид деб баҳолади.

Хун Манет ўз мактубида Таиланд томонидан Камбоджа ҳудудида жойлашган бир неча масканлар, жумладан Та Мэн Тхом ва Та Квай ибодатхоналарига зарбалар берилганини қайд этди. У буни "ҳеч қандай асосга эга бўлмаган ҳарбий тажовуз" деб атади.

У Таиландни ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга ва ўз қўшинларини чегарадан олиб чиқишга чақирди. Камбоджа 1904 ва 1907 йиллардаги халқаро шартномалар ҳамда 2000 йилги меморандумга таянаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланднинг Сурин вилоятидаги чегарада жойлашган қишлоқлардан 40 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган. Бир нафар ҳалок бўлган, бир нечта киши жароҳат олган. Таиланд расман ўз ватандошларини Камбоджани тарк этишга чақирган.

Ҳудудий низо Таиланд ва Камбоджа ўртасида кўп йиллардан бери мавжуд бўлиб, асосан қадимий ибодатхоналар атрофидаги ҳудудларга тегишли. Сўнгги бор бундай кучли ҳарбий тўқнашув 2011 йилда қайд этилган эди.


Бошқа мақолалар