Ҳаёлий давлатларнинг «элчиси» ҳибсга олинди


  • 26 Июль, 2025
  • 52

Ҳиндистонда бўлмаган мамлакатлар номидан фаолият юритган «элчи» ҳибсга олинди. Нью-Деҳли шаҳри яқинида 47 ёшли Ҳаршвардхан Жайн ватандошларни хорижда ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилиб, уларни алдаган.

Полиция маълумотларига кўра, у ўзини «Себорга» ва «Вестарктика» каби хаёлдаги давлатларнинг элчиси ёки маслаҳатчиси сифатида таништирган. Аслида эса бундай давлатлар мавжуд эмас — уларни ҳеч бир мамлакат расман тан олмаган. Жайн ўзини «халқаро алоқаларга эга» шахс сифатида кўрсатиб, одамларга яхши маошли иш таклиф қилган.

Ишонч уйғотиш мақсадида у сохта элчихона ташкил қилган: қалбаки ҳужжатлар, муҳрлар, байроқлар ва дунё етакчилари билан суратлар тайёрлаган. Унинг уйи олдида дипломатик рақамли қимматбаҳо машиналар турган. Ички текширув пайтида полиция қалбаки паспортлар, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа сохта мамлакатларга тегишли гербли ҳужжатларни мусодара қилган.

Шунингдек, у ерда 4,5 миллион рупий (тақрибан 28,3 миллион тенге) нақд пул ва хорижий валюта топилган. Текширувчиларнинг фикрича, Жайн пул ювиш ишларига ҳам алоқадор бўлиши мумкин.

ОАВ маълумотларига кўра, у бой оилада туғилган ва Ҳиндистон ҳамда Лондонда бизнес соҳасида ўқиган. 2011 йилда ҳам у тақиқланган сунъий йўлдош телефонидан фойдалангани учун қўлга олинган эди.

Ҳозирда унга нисбатан ҳужжат қалбакилаштириш, фирибгарлик ва мансабга нисбатан қалбаки даъво қилиш каби жиноятлар бўйича айблов қўйилган. Тергов ишлари давом этмоқда — полиция унинг бу ишда бошқа шахслар билан боғлиқлиги бор-йўқлигини ўрганмоқда.


Бошқа мақолалар