Қирғизистонда 1900 мегаваттли қуёш электростанцияси қурилади


  • 29 Июль, 2025
  • 13

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Қизил Орук қишлоғида 1900 мегаватт қувватга эга қуёш энергияси электростанцияси қуриш бўйича келишув имзоланди.

Вьетнамнинг Rox Energy Global компанияси томонидан амалга ошириладиган бу лойиҳа орқали минтақага катта миқдорда иқтисодий ва энергетик сармоя кириши кутилмоқда.

Қирғизистон Энергетика вазирлиги маълум қилишича, вазир Таалайбек Ибраев Rox Energy Global раҳбари Нгуен Зуй Бинҳ бошчилигидаги делегация билан учрашди. Ушбу учрашув якунларида Қирғизистон ҳукумати ва Rox Energy Global ўртасида электростанция қурилиши ва фаолиятига доир шартнома имзоланди.

Бу лойиҳа мамлакатдаги энг йирик қуёш лойиҳаларидан бири бўлиб, 1900 мегаватт қувватли станцияни ўз ичига олади. Бундан аввал, 2025 йил бошларида Хитой компаниялари Иссиқкўл вилоятида 400 мегаватт ва Чўй вилоятида 100 мегаваттли қуёш станцияларини қуришни бошлаган эди.

Мазкур янги лойиҳа Қирғизистонда қайта тикланувчи энергия манбаларига бўлган эътиборнинг янада ортганини ва энергетика соҳасидаги халқаро ҳамкорлик имкониятларининг кенгаяётганини кўрсатади.


Бошқа мақолалар