Қирғизистон Қозоғистон ва Ўзбекистонга электр энергияси эвазига сув етказиб беради


  • 24 Ноябрь, 2025
  • 31

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш параметрлари бўйича келишиб олдилар.

Уч мамлакатнинг сув-энергетика идоралари раҳбарларининг йиғилиши Олмаотада Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженов раислигида бўлиб ўтди.

Томонлар бундан кейинги сув-энергетика ҳамкорлигининг параметрларини келишиб олдилар. Тўқтағул сув омборидаги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, учрашув иштирокчилари бир-бирларини ўзаро электр энергияси етказиб бериш билан қўллаб-қувватлаш ва иситиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш ҳамда олдаги вегетация даврига тайёргарлик кўриш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

"Қозоғистон ва Ўзбекистон куз-қиш даврида Қирғизистонга электр энергияси етказиб беришга тайёрлигини тасдиқлади. Бу қирғиз томонига қишда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини камайтириш ва Тўқтағул сув омборида сув тўплаш имконини беради. Тўпланган ҳажм вегетация даврида жанубий ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги ерларини барқарор суғориш учун Қозоғистон ва Ўзбекистонга йўналтирилади. Бундан ташқари, минтақада истеъмолни камайтириш ва энергияни тежаш бўйича биргаликдаги чора-тадбирларни қабул қилиш тўғрисида келишувга эришилди", — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Маълумот: Тўқтағул сув омбори — Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Норин дарёсида жойлашган сунъий сув ҳавзаси бўлиб, Марказий Осиёдаги энергетика ва ирригациянинг асосий объектларидан биридир. У мамлакат гидроэнергетикасининг "юраги" ролини ўйнаб, электр энергиясининг 80 фоизини таъминлайди, шунингдек, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги майдонларни суғориш учун оқимни тартибга солади.

Музокаралар иштирокчилари биргаликдаги ишлар яхши қўшничилик руҳида олиб борилаётганини ва бутун Марказий Осиёда энергетик хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилганлигини таъкидладилар. Ўзбекистон томони ҳам энергия тизимини транзит, етказиб бериш ва мувозанатлаштириш учун техник шарт-шароитларни таъминлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Йиғилиш якунлари бўйича қишда электр энергияси етказиб бериш ҳажмларини ва 2026 йилги вегетация даври учун сув тўплашни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи уч томонлама протокол имзоланди.

Сув хавфсизлиги масаласи минтақа учун борадиган сайин долзарблашиб бормоқда. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашувида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бу ҳақда баёнот берган эди. Хусусан, давлат раҳбари минтақа мамлакатларининг сув стратегияларини, шу жумладан, сувни тежашнинг энг муваффақиятли амалиётларини кенгайтириш учун уйғунлаштиришни таклиф қилди. Шунингдек, давлат раҳбари халқаро стандартларга мувофиқ, сувдан фойдаланиш бўйича Марказий Осиёнинг асосий конвенциясини қабул қилиш ҳақида ҳам ўйлаб кўришни таклиф қилди.


Бошқа мақолалар