Туркистон вилоятида қишлоқ хўжалиги ходимлари тақдирланди


  • 3 Декабрь, 2025
  • 17

Туркистонда Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати ходимлари куни муносабати билан "Agrofest Túrkistan-2025" байрам фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Тадбир доирасида қишлоқ хўжалиги ярмаркаси ташкил этилиб, унда маҳаллий фермерларнинг 300 тоннадан ортиқ маҳсулоти намойиш этилди. Бундан ташқари, қайта ишлаш корхоналари, шунингдек, "Ауыл аманаты" дастури орқали амалга оширилган лойиҳалар ва маҳсулотлар кўргазмаси тақдим этилди. Кўргазмада минтақада ишлаб чиқарилаётган табиий маҳсулотлар кўрсатилди.

Тадбирда Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кушеров иштирок этди ва соҳа мутахассисларини касб байрами билан табриклади.

"Бугунги анъанавий байрам меҳнат аҳлига ҳурмат кўрсатиш ва уларни қадрлашга бағишланган. Яқинда бўлиб ўтган қишлоқлар ҳокимлари форумида Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Кемелевич Тўқаев яна бир бор қишлоқларни ривожлантириш масаласига тўхталиб ўтди. Қишлоқ хўжалиги соҳаси алоҳида ўрин тутади. Сизнинг тинмас меҳнатингиз туфайли вилоятимиз йилни қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори кўрсаткичлар билан якунламоқда", — дея мурожаат қилди йиғилганларга минтақа раҳбари.

У вилоят мамлакатдаги умумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг 13 фоизини ташкил этишини таъкидлади. Жорий йилнинг 10 ойида бу соҳада 1,1 триллион тенгелик маҳсулот ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 183 миллиард тенгега, ёки 21 фоизга кўпдир. Бундан ташқари, вилоят қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатининг асосий капиталига инвестициялар жалб қилиш бўйича етакчилик қилмоқда.

"Пахтанинг бозор нархи экспортга боғлиқ бўлганлиги ва ҳар йили долзарб муаммо бўлиб қолаётгани сабабли, биз пахта-тўқимачилик кластерини барпо этиш лойиҳасининг биринчи босқичини бошладик. Яқин беш йил ичида тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи тўлиқ циклли маҳаллий корхоналарни ташкил этиш ҳисобига пахта нархига экспорт қарамлигини бартараф этамиз. Бугун бизнинг фермерларимиз мамлакат фаровонлиги ва минтақа аҳолисининг турмуш даражасини оширишга катта ҳисса қўшмоқдалар. Ишончим комилки, биз биргаликда вилоят аграр соҳасини янги йўналишда ривожлантиришга эришамиз. Биз минтақамиз иқтисодиётини кўтариш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Сизларни байрам билан табриклайман, мустаҳкам соғлиқ ва оилавий фаровонлик тилайман", — деди Нуралхан Кушеров.

Байрам йиғилишида минтақа раҳбари қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшган бир қатор фуқароларга мукофотлар — Қозоғистон Республикаси Президентининг "Еңбек даңқы" орденлари, "Құрмет" орденлари, "Ерен еңбегі үшін" медаллари ва вилоят ҳокимининг дипломларини топширди. Бундан ташқари, бир қатор меҳнаткашлар Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ташаккурномалари, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Еңбек ардагері" медаллари ва "Ауыл шаруашылығы саласының үздігі" кўкрак нишонлари билан тақдирландилар. Вилоят аграр соҳасини ривожлантиришга фаол ҳисса қўшаётган илғор ходимлар ҳам қайд этилди.

Тадбир Қозоғистон эстрадаси юлдузлари Нурлан Алимжанов, Айгерим Калаубаева, Маржан Арапбаева, Куандик Рахим иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.


Бошқа мақолалар