Туркистон вилоятида қуёш электр станцияси қурилиши бошланди


  • 15 Декабрь, 2025
  • 31

Сауран туманининг Ўранғай қишлоқ округида 300 МВт қувватга эга йирик қуёш электр станцияси (ҚЭС) қурилишига расман тамал тоши қўйиш (вақтинчалик капсулани жойлаштириш) маросими бўлиб ўтди.

Ушбу лойиҳа минтақада қайта тикланадиган энергия манбаларини (ҚТЭМ) ривожлантиришга қаратилган энг йирик ташаббуслардан биридир. ҚЭСнинг ишга туширилиши вилоятнинг энергетик салоҳиятини оширишга, "яшил" энергетика улушини кўпайтиришга, шунингдек, янги иш ўринлари билан таъминлайди..

Тантанали йиғилишда сўзга чиққан Туркистон вилоятининг ҳокими Нуралхан Кушеров йиғилганларни табриклаб, лойиҳанинг минтақа учун стратегик аҳамиятини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус вилоят иқтисодиётини диверсификация қилиш, инвестицион жозибадорликни ошириш ва экологик тоза энергия ишлаб чиқаришга йўл очади.

Ҳоким Н. Кушеров қуйидагиларни билдирди:

"Бугун биз нафақат минтақамиз, балки бутун мамлакат учун энергетик хавфсизликка эришиш ва "яшил иқтисодиётга" ўтиш йўлидаги энг муҳим лойиҳалардан бири – 300 МВт қувватли қуёш электр станциясининг пойдеворини қўйиш маросимига йиғилдик. Туркистон вилояти ҳаво ҳарорати энг юқори бўлган минтақалардан биридир. Шунинг учун ҚТЭМ лойиҳаларини ривожлантириш, қуёш энергиясидан фойдаланиш бизнинг минтақамиз учун энг самарали ва истиқболли йўналишдир. Ушбу лойиҳани амалга оширишга киритилаётган инвестициялар ҳажми тахминан 160 миллиард тенгени ташкил этади. Лойиҳа доирасида маҳаллий аҳоли учун 500 га яқин кишини иш билан таъминлайди. Бугунги ташаббус – экологик тоза, барқарор ривожланиш йўлига кирган Туркистон келажагига киритилган сармоядир. Бу лойиҳа нафақат вилоятимизнинг энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлайди, балки унинг халқаро инвесторлар учун жозибадорлигини ҳам оширади. Қозоғистон Республикаси президентига, ҳукуматга, барча вазирлик ва идораларга, шунингдек, ҳамкор "Energy China" компанияси раҳбариятига ушбу лойиҳани амалга оширишда кўрсатган кўмаги учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ишончим комилки, ҳамкорлик ва ишончга асосланган шериклигимиз келажакда ҳам муваффақиятли давом этади. Бугунги тантанали маросим катта ишнинг бошланишидир. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилишини тилайман".

"Самрук-Қазына" Миллий фаровонлик фонди бошқаруви раиси Нурлан Жакупов видеоалоқа орқали сўзга чиқиб, Фонд ҚТЭМ лойиҳаларини мунтазам қўллаб-қувватлашини ва 300 МВт қувватга эга ҚЭС Қозоғистоннинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшишини таъкидлади.

Хитой Халқ Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Хан Чунлин лойиҳани Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликнинг ёрқин намунаси деб атади ва "яшил" энергетика соҳасидаги қўшма ташаббусларнинг муҳимлигини таъкидлади.

"China Energy Group" Президенти Ни Чжэн ҳам видеоалоқа орқали лойиҳанинг миллий энергетика тизими учун аҳамияти ва унинг халқаро шерикликни ривожлантиришдаги ролини қайд этди.

"Самрук-Энерго" АЖ бошқаруви раиси Қайрат Мақсутов лойиҳа компаниянинг босқичма-босқич кам углеродли генерацияга ўтиш ва замонавий энергетика тизимини ривожлантириш стратегиясининг муҳим қисми эканлигини таъкидлади.

Капсулани қўйиш шарафи Туркистон вилоятининг ҳокими Нуралхан Кушеровга, "Самрук-Энерго" АЖ бошқаруви раиси Қайрат Мақсутовга ва "China Energy Engineering Overseas Investment Company" директорлар кенгаши раиси Линь Сяоданга берилди.

Тўлиқ ишга туширилгандан сўнг, ушбу қуёш электр станцияси Туркистон вилоятида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини оширади. Бундан ташқари, инвестицияларни жалб қилиш ва заводларни очиш учун зарур бўлган энергия ҳажми кўпаяди, бу эса минтақанинг барқарор ва экологик хавфсиз ривожланишига туртки беради.


Бошқа мақолалар