Эрон нега ёлғиз қолди?


  • 6 Март, 2026
  • 25

Исроил ва АҚШ иттифоқи қарийб бир ойдан бери кутилаётган зарбани Эронга берди. Аслида, бу тинчликка умид қилинаётган ва музокаралар давом этаётган бир давр эди. Душман айнан шундай вазиятда ҳужум қилдики, натижада Эроннинг олий раҳбари Али Хоманаий, унинг яқинлари ва барча юқори мартабали мулозимлари йўқ қилинди.

Бу ҳужум Эрон каби давлат учун кутилмаган ва оғир зарба бўлди. Ҳолбуки, атиги уч ой аввал ҳам худди шу тарзда барча юқори мартабали қўмондонлар урилган эди. Бир давлат шунчалик ғафлатда қолиши мумкинми ва бунинг сабаби нимада?

Шу нарса яна бир бор исботландики, душманнинг сўзига асло ишониб бўлмайди! Ҳатто келишув тузилган тақдирда ҳам, ҳар лаҳза шай туриш лозим. Тарихимизда бунга доир ўнлаб мисоллар мавжуд. Афсуски, бизда тарихий онг ва масъулият туйғуси етарлича шаклланмаяпти. Ҳатто тарихий сериаллар ҳам турли фитналар қурбони бўлмоқда. Ваҳоланки, бу сабоқлар ёш авлодга ва келажакдаги давлат бошқарувчиларига тўғри етказилиши зарур.

Яқин тарихимизни эса умуман таҳлил қилолмаяпмиз. Чунки йиллар давомида экранларда пайдо бўладиган саноқли кишилар ислом олами дуч келган улкан фалокатларни тушунтириб бера олишмади. Амалга оширилиши кўзда тутилган йирик лойиҳаларни кераклича очиб беришмади. Ҳатто Туркиядаги 15 июль воқеаларини ҳам “бир кечада олдини оламиз” қабилидаги енгил қарашлар билан моҳиятини тушунтиришмади. “Бу шунчаки театр” дейдиганларнинг овози баландроқ чиқди.

Матбуотда кимларнинг сўзи ўтяпти, кимлар гапиртириляпти, улар нега масалаларни чалкаштирмоқда ва нега холис шарҳловчилар телевизорларга чиқарилмаяпти — буларнинг барчаси чуқур мулоҳаза талаб қиладиган мавзулардир. Бу соҳадаги таъсирли шахслар кимлар томонидан молиялаштирилмоқда? Давлат бу жараёнларни қатъий назорат қилиши ва текшириши лозим. Мана, бугун ва сўнгги қирқ йил ичида ислом олами шундай эътиборсизликнинг жазосини чекмоқда.

Исроил икки йилдан бери Ғазода даҳшатли қирғин ва геноцид амалга оширди. Ҳали ҳам буни давом эттиришга уринмоқда. Бунинг натижасида халқимизда Исроилга нисбатан нафрат кучайгани табиий. Бироқ ҳозирда айрим ОАВларда халқнинг Исроилга бўлган бу нафратини Эронга нисбатан меҳр-муҳаббатга айлантиришга бўлган уринишлар нимадан далолат? Али Хоманаий бошлиқ ўлдирилган эронликларга “шаҳид” мақоми берилиши тез-тез қулоққа чалинмоқда.

Бундай қарашдагилар — сўнгги қирқ йилни бир кечада унутган ёки миллатга унуттиришга уринаётган ғаразли Эрон агентлари ёхуд содда мусулмонлардир! Шуни очиқ айтиш керакки, Эроннинг Россия ва Хитой билан иттифоқ тузиши, АҚШ ва Исроилни эса “кичик” ва “катта шайтон” деб тамғалаши тарихдаги энг катта ҳийла эди. Чунки режим “муллалар” қўлига ўтгандан бери ҳам АҚШ билан ҳамиша яширин алоқалар сақланиб келган.

Исроилнинг “Ваъда қилинган ерлар” лойиҳасидаги энг катта тўсиқ Туркия бошчилигидаги сунний ислом олами эди. Бу кучни албатта заифлаштириш талаб этиларди. Хўш, Эроннинг мақсади аслида ким билан бир? Айнан шу нуқтада АҚШ ва Исроил режаларини амалга оширувчи восита ҳамиша Эрон бўлиб келди. Эрон ўз режимини ёйиш йўлида буни қулай имконият деб билди. АҚШ қаерда фаол бўлса, у ерда Эрон қўллайдиган шиа гуруҳлари дарҳол майдонга чиқарди. Агар Эрон каби ёрдамчиси бўлмаганида, Исроил ва АҚШ сўнгги қирқ йил ичида ислом оламида бунчалик қирғинларни амалга ошира олмасди. Исроил мустаҳкам сунний ислом деворини ёриб ўтолмасди. Бу деворни албатта парчалаш ва тарқатиб юбориш керак эди. Акс ҳолда Исроил ўз ниятларига етиши имконсиз эди.

Хумайний ва Али Хоманаий давридаги муллалар режимида нималар бўлганига бир назар ташлайлик:

Эрон ислом олами ичида мутлақо бошқача сиёсат юрита бошлади. Ҳар бир давлатдаги шиа гуруҳларини ташкиллаштириб, ўз манфаатлари йўлида ишлатди. Бу ҳаракатлар ҳамиша ислом оламининг зарарига ва Ғарбнинг фойдасига хизмат қилди. Бу сиёсат кейинчалик “Шиа Ҳилоли” ғоясини кун тартибига чиқарди.

Хумайний бошқарувидаги Эрон илк бор Афғонистонда фаол бўлди. Россияга қарши катта кураш олиб бораётган мужоҳидлар бирлигини парчалади. Шу тариқа, АҚШга Афғонистон истилосида шиа “Фотимийюн” гуруҳи орқали ёрдам берди ва даҳшатли сунний қирғинларига сабаб бўлди... Бу ёрдамни кейинчалик Маҳмуд Аҳмадинажоднинг ўзи шахсан эътироф этади.

Афғонистонга ўхшаш тарзда Покистонда ҳам шиа “Зайнабийюн” тузилмаси пайдо бўлди. Бу гуруҳ етакчиси Хумайнийнинг шогирди Ориф Ҳусайн Ҳусайний эди. Эрон Покистонда чиқарган тартибсизликлари ва ушбу тузилма орқали ўн минглаб сунний покистонликларни ўлдирди...

Шиа Эрони Озарбайжон-Арманистон урушида Арманистонга ёрдам берди!

АҚШ 2003 йилда Ироқни босиб олгач, сунний бошқарувга чек қўйиб, шиа ҳукуматини олиб келди. Энди Эрон учун бу ҳудуддаги сунний мусулмонларни тозалаш фаолияти бошланаётган эди. Эрон, АҚШнинг кўз юмиши билан, шиа Эрон Инқилоб муҳофизлари етакчиси Қосим Сулаймоний қўли билан 20 йил ичида 2,5 миллион ироқликни қатлиом қилдирди!

Яна Эрон Яманда бир миллион сунний яманликни Қосим Сулаймоний ва унинг тўдаси орқали ўлдирди. Сомалида ҳам шиа “Ал-Шабоб” ташкилоти орқали қирғинлар уюштирди. Эрон шиа “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан Ливанда ўн минглаб сунний мусулмонни йўқ қилди. Демак, Эрон сунний мусулмон қонига тўйишни билмасди. Гўёки “катта шайтон” уларга шундай миссия юклагандек эди.

Тарих унутилса, йўналиш адашади! 2011 йилда Сурияда тартибсизликлар бошланганда Эрон яна майдонда эди. Деярли барча давлатлардаги шиа жангарилари билан бу ҳудудни тўлдирди. Ўзи тузган “Ҳашди Шаъбий” ташкилоти орқали Сурияда қонли қирғинлар ўтказди. Асад режимини оёқда тутиб туриш мақсадида қарийб икки миллион сурияликнинг ўлимига сабаб бўлдилар.

2016 йилда Туркияда давлат тўнтаришига уриниш бўлганида ҳам Эрон пойлаб турган эди. Агар Туркия ички урушга судралганида, Онадўли Хоманаий шиалигининг даҳшатли юзига дуч келарди. Аллоҳ Туркияни бу балодан асради.

Эроннинг Ғазодаги қирғинга сабабчи эканини ҳам кўп бор таъкидланган. Эрон ислом олами учун Исроилдан ҳам қўрқинчлироқ бало сифатида хотираларда қолди. Ҳозирда ҳеч бир ислом давлати Эронга нисбатан заррача ҳурмат сақлаб қолмаган. “Эрон билан қибламиз бир” дейдиганлар, бу воқеаларни баҳолаб, “Эроннинг қибласи ажабо ким билан бир!” деб ҳеч ўйлаб кўрмайдиларми?

Эрон доимо Исроил ва АҚШни таҳдид қилиб келди, бироқ парда ортида улар билан ҳамкорлик қилиб, суннийлар қирғинини давом эттириш учун АҚШни минтақага етаклаб келди. Агар ўзи чақирмаган бўлса ҳам, АҚШ кирган ҳар бир жойда унинг қирғин қуроли вазифасини ўз зиммасига олди. Эҳтимол, Туркиянинг Суриядаги тарихий ғалабаси Эрон муллалар режимининг якунини бошлаб берди. Бу билан Эроннинг АҚШ ва Исроил билан йиллар давомида давом этган “келишилган ўйини” тугаб, илк бор ҳақиқий уруш бошланди. Исроил энди Эронда ўзига мутлақо тобе бўлган бошқарувни ўрнатишга интилмоқда. Бунинг учун эса АҚШдан фойдаланмоқда.

Натижада Эрон ҳозирда қирқ йил давомида суннийларни қирғин қилишда фойдаланган АҚШ “махлуқи” билан тўқнаш келди. Бу ишларга сабабчи бўлганлар урушнинг илк кунидаёқ ўз қонларига ғарқ бўлди. Энди эса Эрон ислом оламидан ёрдам сўраб гина қилмоқда. Бу ҳам навбатдаги ҳийладир. Ваҳоланки, кечагина Зангезур коридори туфайли Туркияга оғир таҳдидлар қилишган эди. Хоманаий ва унинг гуруҳи ўлдирилмасдан олдин тинчлик музокаралари учун Туркиянинг танланишига ҳам қарши чиқишган ва Уммонни қабул қилишган эди. Уларнинг Туркия ва сунний исломга бўлган душманлиги борлик сабаби эди.

Ислом оламида эса Эрон агентлари яна бир бор ишга тушган. Улар Исроил ва АҚШ каби катта душманларни ҳамда болалар ўлими каби мавзуларни рўкач қилиб, шиа Эронни суюкли кўрсатиш, Хоманаий ва унинг одамларини “шаҳид” қилиб кўрсатиш дардига тушишган.

Ўтмиш тарихини қўйинг, яқин давр тарихидан ҳам бехабар ҳолда илгарилашга ҳаракат қиляпмиз...

Ҳошо, зулм этмас бандасига Худоси,

Ҳар кимнинг чеккани – ўз қилмиши жазоси.


Бошқа мақолалар