- 2014-01-22
АҚШ ва Исроил уруш очган Эронда икки кун ичида диний раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий
ҳамда кўплаб муҳим мансабдор шахслар ҳаётдан кўз юмди. Бироқ разведка ва хавфсизлик тизимида муаммолар кузатилаётган Эронда бундай суиқасдлар биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Мамлакатда йиллар давомида президентдан тортиб, кўплаб муҳим шахслар ўлдирилган.
Теҳрон ва Вашингтон маъмуриятлари ўртасида музокаралар кетаётган бир пайтда Исроил ва АҚШ кеча эрталаб Эронга ҳарбий ҳужум бошлади. Эрон эса Исроилдан ташқари, АҚШ базалари жойлашган Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн каби минтақавий давлатлардаги белгиланган нишонларга ҳужумлар билан жавоб қайтарди.
АҚШ ва Исроил ҳужумлари натижасида Эрон етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий билан бирга кўплаб юқори мартабали амалдорлар ҳалок бўлди. Эрон Қизил яримой жамияти мамлакатга қилинган бомбардимонларда 201 ватандош ҳалок бўлганини, 747 киши яраланганини эълон қилди. Икки кун ичида Бош штаб бошлиғи Абдураҳим Мусавий ва Инқилоб муҳофизлари қўмондони Муҳаммад Пакпур каби муҳим шахслар ҳаётдан кўз юмди.
Бу воқеалар кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлмади, чунки Эрон йиллар давомида АҚШ ва Исроил ҳужумларида кўплаб муҳим шахсларини суиқасдларга қурбон берган. Буларнинг ичида энг муҳими, шубҳасиз, Эрондаги “қаршилик ҳаракати”нинг асосий шахси бўлган Қосим Сулаймоний суиқасдидир. 2020 йил 3 январда Инқилоб муҳофизлари Қуддус кучлари қўмондони Сулаймоний Бағдод аэропорти яқинида АҚШнинг учувчисиз учиш аппарати (УУА) ҳужумида ўлдирилган эди.
2020 йил 27 ноябрда Эрон ядро дастурининг “отаси” деб ҳисобланган Муҳсин Фахризоданинг Теҳрон яқинида сунъий интеллект ёрдамида ва сунъий йўлдош орқали бошқариладиган пулемёт тизими билан ўлдирилиши катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Бу воқеалар мамлакат разведкаси қанчалик заиф эканини намоён этди.
Бундан ташқари, хавфсизлик тизимидаги бўшлиқни кўрсатувчи яна бир ҳолат: 2024 йил 19 май куни Шарқий Озарбайжон вилоятида вертолёт ҳалокатида Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳиён ҳаётдан кўз юмди. Гарчи бу бахтсиз ҳодиса бўлиб кўринса-да, Эроннинг суиқасдларга тўла тарихида бу ўлимлар доим сўроқ остида қолди.
Эсда қолган бошқа суиқасдлар:
ИИМК бош қўмондони Ҳусайн Саламий 2025 йил июнь ойида ўлдирилди.
Собиқ Бош штаб бошлиғи Муҳаммад Боқирий 2025 йил июнь ойида ҳалок бўлди.
“Хатам ал-Анбиё” қароргоҳи қўмондони Ғулом Али Рашид ва ИИМК Ҳаво кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизода 2025 йил 13 июнь ҳужумида қурбон бўлди.
2020 йил 3 январь куни Ироқнинг Бағдод аэропортида АҚШ учувчисиз учиш аппарати ҳужуми натижасида Эрондаги “қаршилик ҳаракати”нинг асосий шахси, Инқилоб муҳофизлари Қуддус кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний ҳалок бўлди. Худди шу ҳужумда “Ҳашди Шаби” раҳбари ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ҳам вафот этди.
2020 йил 27 ноябрда Теҳрон яқинида Эрон ядро дастурининг асосий раҳбари Муҳсин Фахризода сунъий интеллект ёрдамида уюштирилган суиқасд қурбони бўлди
Сайид Розий Мусавий 2023 йил 25 декабрда Дамашқдаги уйига уюштирилган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлди.
Муҳаммад Ризо Зоҳидий 2024 йил 1 апрелда Исроилнинг Эрон консуллигига қилган ҳужумида вафот этди.
Ҳасан Сайёд Худойи 2022 йил 22 майда Теҳронда ўз уйи олдида қуролли ҳужумда ўлдирилди.
Ядро физиги Фаридун Аббосий 2025 йил 13 июндаги ҳаво ҳужумида яна камида 6 нафар олим билан бирга ҳалок бўлди.
Инқилоб муҳофизлари разведка бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Каземий ҳам Исроил ҳужумида вафот этди.
Бундан ташқари, разведка тармоғининг заифлиги ва мамлакат ичида Моссад агентларининг кўплиги Эронни бошқа давлат вакиллари учун ҳам хавфли ҳудудга айлантирган. ҲАМАС етакчиларидан Исмоил Ҳания ҳам 2024 йилда Теҳронда Исроил томонидан уюштирилган суиқасд қурбони бўлган эди.