- 2015-02-20
Мамлакат пойтахти Бразилиа шаҳрида собиқ президент Жуселину Кубичек ди Оливейра ёдгорлиги
ёнида тўпланган одамларни чақмоқ урди. Камида 72 киши жабрланди.
Воқеа якшанба куни куннинг иккинчи ярмида, митинг иштирокчилари собиқ давлат раҳбари Жаир Болсонару тарафдорларининг келишини кутаётган вақтда содир бўлди. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода чақмоқ уриш лаҳзаси акс этган.
Хабар қилинишича, тадбирни кузатиб бораётган ўт ўчириш бўлинмалари одамларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун махсус чодир ўрнатдилар.
Расмий маълумотларга кўра, жабрланганларнинг аксариятига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган, 29 киши касалхоналарга етказилган. Касалхонага ётқизилганларнинг камида саккиз нафари оғир аҳволда қолмоқда.
“Чақмоқ урди ва ҳамма ерга йиқилди. То ўрнимиздан туриб, бир-биримизга ёрдам бермагунимизча ҳеч нарсани тушунмадик. Одамлар ваҳима ичида ҳар томонга қочишди. Ўт ўчирувчилар ва тез ёрдам хизмати аллақачон шу ерда эди, аммо одамлар жуда кўп бўлиб чиқди. Чақмоқ худди қаршимизга, мусиқа платформасининг шундоққина ёнига тушди”, — дея сўзлаб берди аёллардан бири.
Йиғилганларнинг айримлари жароҳат олмаган бўлса-да, қаттиқ қўрқиб қолганлар.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг август ойида Оқмўла вилоятида чақмоқ бир боланинг ҳаётига зомин бўлган ва яна бир болани жароҳатлаган эди. Бахтсиз ҳодиса Биржан Сал туманидаги Улги қишлоғида юз берганди. Полиция маълумотига кўра, чақмоқ уриши натижасида 2015 йилда туғилган бола ҳалок бўлган, 2010 йилда туғилган яна бир ўғил бола эса тан жароҳати олган эди.