Фицо Трампни “ақлдан озган” дегани иддао қилинди


  • 29 Январь, 2026
  • 19

“Politico” нашрининг хабарига кўра, Словакия Бош вазири Роберт Фицо Дональд Трампнинг руҳий ҳолати борасида хавотир билдирган.

Европа сиёсатида Трамп туфайли юзага келган кескинлик борган сари кучаймоқда. Европа Иттифоқи кулуарларида тарқалган гапларга қараганда, Роберт Фицонинг Мар-а-Лагода Дональд Трамп билан ўтказган учрашувидан кейинги безовталиги Брюсселда кенг акс-садо берди.

“Politico” нашрига гапирган ЕИ дипломатларининг таъкидлашича, Словакия Бош вазири Роберт Фицо январь ойида Флоридадаги Мар-а-Лагода Дональд Трамп билан ўтказилган музокаралардан сўнг жиддий муаммоларга дуч келган. Брюсселда ўтказилган ЕИ фавқулодда саммити чоғида Фицо баъзи Европа етакчилари билан бўлган норасмий суҳбатда Трамп билан юзма-юз мулоқотдан кейинги хавотирларини ўртоқлашган.

Дипломатларнинг сўзларига кўра, Фицо Трампнинг гапириш услубини хавфли деб ҳисоблашини айтган. Роберт Фицо Европада Трамп сиёсатига энг яқин турган етакчилардан бири сифатида танилган эди. Илгари Вашингтоннинг Россия-Украина уруши бўйича ёндашувини қўллаб-қувватлаган Фицо, иддаоларга кўра, Трамп билан учрашувда шокка тушган.

Европалик манбаларга кўра, Фицо ЕИ етакчиларига АҚШ президентининг руҳий ҳолати бўйича катта хавотирлари борлигини етказган. Словакия етакчиси Трампнинг хатти-ҳаракатларини изчилликдан йироқ деб топган, кўплаб баёнотларидан норози бўлган ва шу сабабли учрашув унда кўплаб саволлар қолдирганини билдирган.

Оқ уй ушбу иддаоларни кескин рад этди. Берилган баёнотда: “Бу мутлақо ёлғон хабар. Мар-а-Лагодаги учрашув ижобий ва самарали ўтди”, — дейилди.

Роберт Фицо иддаолар ортидан Х ижтимоий тармоғи орқали баёнот бериб, “Politico” хабарини инкор қилди. Брюсселда бундай суҳбат бўлмаганини ва Трамп билан учрашувни ижобий баҳолашини айтган Фицо, АҚШ президентининг баъзи сиёсатларига қўшилишини, баъзиларига эса қўшилмаслигини қўшимча қилди.

Хабарда, шунингдек, ЕИ саммитида Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Германия Канцлери Фридрих Мерцнинг етакчиларни АҚШга қарамликни камайтириш зарурлиги ҳақида огоҳлантиргани қайд этилган. Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен эса Трампга нисбатан “қатъий, аммо вазиятни кескинлаштирмайдиган” йўл тутилишини маълум қилди.


Бошқа мақолалар