Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги


  • 30 Январь, 2026
  • 18

Икки давлат ҳайъатлари юқори даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишини ўтказгандан сўнг, энергетикадан тортиб маданият ва санъатгача бўлган бир қатор муҳим келишувлар имзоланди. Ушбу келишувлар билан икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик даражаси янада мустаҳкамланди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва унинг рафиқаси Амина Эрдўғон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Эсенбоға аэропортида кутиб олдилар. Шунингдек, Президент саройида (Куллия) Мирзиёев учун ҳарбий маросим ташкил этилди.

Эрдўғон ва Мирзиёев матбуот учун суратга тушгандан сўнг, яккама-якка музокараларга ўтдилар. Сўнгра икки етакчи Туркия-Ўзбекистон Юқори даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишига раислик қилдилар. Ҳайъатлараро музокаралардан сўнг, икки давлат вазирлари Эрдўғон ва Мирзиёев иштирокида муҳим ҳужжатларни имзоладилар.

Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан умумий чегарага эга бўлгани сабабли минтақанинг калит мамлакати ҳисобланган Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги муносабатларда янги давр Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг 2016 йил ноябрь ойида Самарқандга қилган ташрифи билан бошланди.

Эрдўғоннинг ушбу ташрифи давомида Ўзбекистон президенти Мирзиёев билан ўтказган музокаралари натижасида икки томонлама алоқалар қайта жонланди ва янги суръат касб этди. Шундан сўнг, Мирзиёев 2017 йил октябрь ойида президент сифатида 21 йиллик танаффусдан кейин Туркияга ташриф буюрган энг юқори мартабали Ўзбекистон расмийси бўлди.

Икки давлат президентлари ўртасидаги яқин дўстлик ва кучли сиёсий ирода туфайли Туркия-Ўзбекистон муносабатлари 2017 йилда стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Кўп йиллар давомида ўтказилмаган Туркия-Ўзбекистон Ҳукуматлараро қўшма иқтисодий комиссияси йиғилишлари қайтадан ташкил этила бошланди. 2018 йилда икки етакчи раислигида Туркия-Ўзбекистон Юқори даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши тузилди.

Ўтган ҳафта Анқарада Туркия-Ўзбекистон Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг тўртинчи йиғилиши ҳамда икки давлат ташқи ишлар, ички ишлар ва мудофаа вазирлари ва разведка хизмати раҳбарлари иштирокида Туркия-Ўзбекистон “4+4” механизмининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Президент Мирзиёевнинг кеча Анқарага қилган ташрифи доирасида Туркия-Ўзбекистон Юқори даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқаларида ҳам сўнгги йилларда муҳим ўсиш кузатилди. 2016 йилда 1 миллиард 242 миллион доллар бўлган икки томонлама савдо ҳажми 2025 йилда 3 миллиард доллардан ошди. Томонлар бу кўрсаткични қисқа муддатда 5 миллиард, узоқ муддатда эса 10 миллиард долларга етказишни мақсад қилганлар. Туркия Ўзбекистоннинг ташқи савдосида 3,7 фоизлик улуш билан тўртинчи энг йирик савдо ҳамкори даражасига кўтарилди.


Бошқа мақолалар