- 2012-12-18
Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Исроилни “Эронни араб иттифоқчиларига ҳужум қилишга
ундаш орқали мусулмонларни янада кенг кўламли тўқнашувга тортишга уриниш” да айблади. Уруш вақтига ҳам эътибор қаратган вазирлик, АҚШ ва Исроил Рамазон ойида ислом оламини бўлишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
Ўтган шанба куни Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши бошлаган ҳужумлари Ўрта Шарқни олов ҳалқасига айлантирди. Минтақадаги тўқнашувлар туфайли глобал кескинлик кундан-кунга ортиб бораётган бир пайтда, Россия Ташқи ишлар вазирлигидан мавжуд уруш юзасидан диққатга сазовор баёнот берилди.
Баёнотда АҚШ ва Исроил Эронга нисбатан ҳарбий қадамлари билан кескинликни авж олдиргани ва бунинг натижасида Теҳрон араб давлатларидаги баъзи объектларга жавоб зарбалари беришга мажбур бўлгани ифода этилди. Баёнотнинг давомида Вашингтон ва Тель-Авив ортга чекинишига доир ҳеч қандай аломат йўқлиги қайд этилди. Шу билан бирга, Исроил армияси Ливанга нисбатан янги босқинчилик ҳаракатини амалга ошираётгани таъкидланди.
“Reuters” хабарига кўра, Россия ҳужумларнинг вақтига нисбатан ҳам кескин муносабат билдирган. Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида шундай дейилади:
“Тажовузкорлар мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойининг ўртасида ислом оламининг бўлиниши учун ҳаракат қилмоқда. Улар Эронни баъзи араб давлатларидаги объектларга жавоб зарбаси беришга мажбурлашди. Бу ҳужумлар инсоний ва моддий йўқотишларга олиб келди. Мазкур ҳужумларни уюштириш орқали арабларни бошқаларнинг манфаатлари йўлида ўзга бир урушга судраб киришга уринишмоқда.”
Вазирлик барча томонларни, хусусан, Араб кўрфази давлатлари ҳудудига қаратилган ҳужумларни тўхтатишга чақирди. Россия минтақада ортиб бораётган кескинликдан афсусда эканини билдирди.
Россиянинг Исроил ва АҚШга кўрсатган бу муносабати Исроил ОАВларида ҳам кенг ёритилди. “Jerusalem Post” нашри бу ҳақда шундай ёзади:
“Москва АҚШ ва Исроилни Эронни Кўрфаздаги иттифоқчиларига ҳужум қилишга ундаш орқали уларни кенг кўламли тўқнашувга тортишга уринишда айблади. Россия федерацияси ҳукумати раҳбари — президент Путин араб давлатларининг хавотирларини Теҳронга етказишни таклиф қилди. Россия пайшанба куни берган баёнотида АҚШ ва Исроилни Эронни минтақадаги нишонларга ҳужум қилишга провокация қилиш орқали араб давлатларини Ўрта Шарқдаги катта урушга судраб киришга уринаётганини ва Вашингтон ҳамда Тель-Авивнинг бу борада ён беришига оид ҳеч қандай белги йўқлигини маълум қилди.”