Исроил вазирининг баёнотларидан кейин саккиз мусулмон мамлакати баёнот билан чиқди


  • 7 Сентябрь, 2026
  • 17

Туркия, Миср, Индонезия, Иордания, Покистон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазирлари Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳамда Исроил мудофаа вазири Исроэл Кацнинг Ғазо секторида фаластинликларни кўчириш ҳақидаги баёнотларидан кейин қўшма баёнот билан чиқишди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари исроиллик амалдорларнинг фаластинликларни ўз ерларидан мажбуран чиқариб юбориш бўйича провокацион таклифлари халқаро ҳуқуқ тамойилларини, жумладан, халқаро гуманитар ҳуқуқни очиқдан-очиқ бузиши ва фаластинлик халқнинг қонуний ҳамда ажралмас ҳуқуқларига тўғридан-тўғри таҳдид солишини таъкидладилар.

Мусулмон мамлакатлари вакиллари фаластинлик халқни ҳар қандай баҳона ёки сабаб билан хоҳ босиб олинган фаластин ҳудудларида, хоҳ ундан ташқарида мажбуран кўчиришга қаратилган ҳар қандай ташаббусларни қатъиян рад этишларини ва қоралашларини билдирдилар.

Вазирлар мажбурий кўчиришга чақириқларни расмий сиёсатга ёки “фаластинликларни ўз ерларидан илдизи билан йўқ қилишга қаратилган” аниқ чора-тадбирларга айлантириш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб, бундай ҳаракатлар тинчликни ўрнатиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга, жумладан, АҚШ президенти Дональд Трампнинг мажбурий кўчирилишни қатъиян рад этувчи Ғазо режасига тўғридан-тўғри таҳдид солишини, шунингдек, минтақадаги барқарорликка бўлган умидларни жиддий равишда пучга чиқаришини қайд этдилар.

Вазирлар Ғазо сектори босиб олинган фаластин ҳудудларининг ажралмас қисми эканлигини таъкидлаб, Ғазо сектори ва Шарқий Қудусни ўз ичига олган Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги фаластин ерлари яхлитлигини сақлаб қолиш муҳимлигини қайд этдилар.

Қўшма баёнот матнида адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришишнинг ягона йўли икки давлат барпо этиш ечимини амалга ошириш эканлиги кўрсатилган.

Вазирлар тегишли халқаро қонуний резолюцияларга амал қилган ҳолда, пойтахти Шарқий Қудус бўлган ва 1967 йил 4 июнда белгиланган чегаралар дохилида мустақил Фаластин давлатини барпо этишга содиқликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Баёнот муаллифлари халқаро ҳамжамиятни, айниқса БМТ Хавфсизлик кенгашини ўз зиммаларидаги масъулиятни бажаришга, босиб олинган фаластин ҳудудларида “янги демографик ёки географик реалликни мажбуран ўрнатиш” бўйича ҳар қандай уринишларга қатъият билан қарши туришга ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоҳ этилишини таъминлашга чақирдилар.

Аввалроқ Исроил миллий хавфсизлик вазири ва ўта ўнгчи “Яҳудий кучи” партияси етакчиси Итамар Бен-Гвир етти йил ичида Ғазо секторидан 1,86 миллион фаластинликни кўчиришни назарда тутувчи этник тозалаш режасини тақдим этган эди.

Режага кўра, биринчи йилда 250 минг кишини, уч йил ичида 1,11 миллион кишини, етти йил ичида эса қарийб 1,86 миллион кишини кўчириш кўзда тутилган. Айни пайтда Ғазо секторида 2,13 миллионга яқин фаластинлик истиқомат қилади. Шу тариқа, режада кўрсатилган 1,86 миллион киши рақами анклав аҳолисининг мутлақ кўпчилиги депортация қилинишини англатади.


Бошқа мақолалар