Ироқда АҚШ ҳарбий самолёти ҳалокатга учради


  • 13 Март, 2026
  • 15

Ироқнинг ғарбида ҳарбий самолёт ҳалокатга учрагач, Америка ҳарбийлари қутқарув операциясини ўтказмоқда. АҚШ Марказий қўмондонлиги ҳодисада иккита самолёт иштирок этганини, улардан бири ҳалокатга учраганини маълум қилди. Идоранинг аниқлик киритишича, бу воқеа душман ёки дўст томонидан очилган ўқ натижасида юз бермаган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнотида айтилишича, Американинг “KC-135” самолёт-ёқилғи қуйиш учоғи ҳалокатидан сўнг қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

“Инцидент “Эпик ғазаб” (Epic Fury) операцияси вақтида, дўстона ҳаво ҳудудида юз берди ва қутқарув ишлари давом этмоқда. Ҳодисада иккита самолёт иштирок этган. Улардан бири Ироқ ғарбида ҳалокатга учради, иккинчиси эса хавфсиз қўнди. Бу душман ўқи ёки дўстона ўт очиш туфайли содир бўлмади”, дейилади баёнотда.

АҚШ Марказий қўмондонлиги қурбонлар ҳақида маълумот бермади, бироқ “Reuters” агентлигига аноним тарзда гапирган Америка мулозимининг сўзларига кўра, ҳодисада иштирок этган иккинчи самолёт ҳам “KC-135” бўлган, ҳалокатга учраган учоқ бортида эса олти нафаргача ҳарбий хизматчи бўлган.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳлар бирлашмаси — “Ироқдаги Исломий қаршилик ҳаракати” Америка ҳарбий самолёти ҳалокати учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.

Гуруҳ ўз баёнотида “мамлакатимиз суверенитети ва ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш мақсадида” “KC-135” самолётини уриб туширганини маълум қилди.

Бу Яқин Шарқдаги уруш бошидан бери юз берган тўртинчи авиаҳалокатдир. Низонинг дастлабки босқичида Қувайт томонидан тасодифан АҚШнинг учта қирувчи самолёти уриб туширилган эди. Ўшанда экипажнинг барча олти аъзоси хавфсиз тарзда катапульта қилишга улгурганди.

Пентагоннинг маълум қилишича, уруш давомида етти нафар Америка ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган ва 140 га яқини яраланган.


Бошқа мақолалар