Эрон Марказий Осиё давлатига ҳарбий таҳдид билан чиқди


  • 17 Март, 2026
  • 12

Эрон “айрим муассаса ва давлатларни” огоҳлантирди: агар улар “Iran International” мустақил сунъий йўлдош телеканали билан ҳамкорликни давом эттирсалар, ушбу кўрсатув тарқатувчи билан боғлиқ объектлар ва инфратузилмалар Эрон ҳарбийларининг нишонлари рўйхатига киритилиши мумкин. Бу ҳақда “turkmen.news” таҳририяти ихтиёрида нусхаси бўлган пресс-релизда “Iran International” телеканали Ислом Республикаси давлат ОАВларига таяниб хабар берди.

Нашрнинг қайд этишича, “Iran International” телеканали Буюк Британиядан туриб кўрсатувлар узатади ва Туркманистонга тегишли бўлган “TürkmenÄlem 52E/MonacoSat” сунъий йўлдошидан фойдаланади. Ундан ташқари, туркман сунъий йўлдошидан яна ўнлаб бошқа теле ва радиоканаллар ҳам фойдаланиб келади.

“Iran International” Эрон давлат ОАВларидаги хабарларга таянмоқда, уларда Эрон қуролли кучларининг “Хатам ал-Анбия” жанговар қўмондонлигининг исми ошкор этилмаган вакили сўзлари келтирилган.

“Сионистик ОАВ ҳисобланган “Iran International” жиноятчи АҚШ ва сионистик режим мақсадларига эришиш йўлида Эрон халқига қарши кескинликни юзага келтириш, ёлғон маълумотлар ва миш-мишларни тарқатиш ҳамда психологик уруш олиб бориш мақсадида ҳаракат қилмоқда. Биз огоҳлантирамизки, агар ушбу жирканч ва шайтоний ОАВни қўллаб-қувватлаш давом этса, у билан ҳамкорлик қилувчилар Эрон Ислом Республикасининг нишонлари рўйхатига киритилади”, — дея “Хатам ал-Анбия” вакилидан иқтибос келтиради “Tasnim” агентлиги.

“Iran International” пресс-релизида айтилишича, аввалроқ Туркманистон ва Монакога “тўғридан-тўғри огоҳлантиришлар” юборилган. Уларнинг ҳудудларида мустақил телеканал кўрсатувларини трансляция қилувчи сунъий йўлдошлар ва инфратузилмалар жойлашган.

Теҳрон, шунингдек, Руминияни ҳам огоҳлантирди: агар Бухарест Вашингтонга ўз ҳудудидаги базалардан Эронга қарши операциялар учун фойдаланишга рухсат берса, у можаронинг шеригига айланади, деб хабар беради “РИА Новости”.

11 март куни Руминия парламенти Миллий мудофаа олий кенгашининг мамлакат ҳудудида қўшимча Америка ҳарбий бўлинмалари ва авиациясини жойлаштириш ҳақидаги таклифини тасдиқлади.


Бошқа мақолалар