- 2014-08-29
Исроилнинг АҚШ билан биргаликда Эронга қаратилган ҳужумлари сабабли ёпиб қўйилган
Масжидул Ақсонинг 41 кунлик танаффусдан сўнг мусулмонлар ибодати учун очилгани билдирилди. Масжидул Ақсо ибодат учун очилганидан кейин кўз ёшларини тута олмаган кўплаб фаластинликлар Ҳарами Шариф ҳовлисида шукрона саждаси қилдилар.
Ишғол остидаги Шарқий Қудуснинг Эски шаҳар ҳудудида жойлашган Масжидул Ақсо 1,5 ойдан сўнг қайта очилди. Бомдод азони билан бирга эшиклари очилган Ҳарами Шарифга юзлаб фаластинлик мусулмонлар оқиб келгани хабар қилинди.
Масжидул Ақсо эшиклари очилиши билан кўз ёшларини тия олмаган кўплаб фаластинликларнинг масжид ҳовлисида шукрона саждасини адо этаётгани кузатилди. Ҳарами Шариф эшиклари 41 кундан кейин қайта очилиши билан ўқилган бомдод намозида юзлаб мусулмонлар саф тортдилар.
Исроилнинг ўта ўнгчи Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир 6 апрель куни масжид ёпиқ бўлган вақтда Масжидул Ақсога бостириб кирган эди. Исроил АҚШ билан шерикликда 28 февраль куни Эронга бошлаган ҳужумлари билан бир вақтда ишғол остидаги Шарқий Қудусда жойлашган Масжидул Ақсога киришни бутунлай тақиқлаб қўйган эди.
Ёпиқ бўлган даврда Масжидул Ақсода фақатгина масжид ходимлари ва Қудус Исломий вақфлар идораси ходимлари намоз ўқий олдилар, бошқа фаластинликлар эса намозларини шаҳардаги кичик масжидларда адо этишди.
Исроил расмийлари, шунингдек, насронийлик олами учун энг муҳим диний масканлардан бири бўлган Қудусдаги Қиёмат черковини (Holy Sepulchre) ҳам ёпиб қўйган эди. Исроил ҳукумати фавқулодда ҳолат тартибини апрель ойининг ўрталаригача узайтиришга қарор қилганди, бироқ Ҳарами Шарифнинг бу давр мобайнида ёпиқ қолиш-қолмаслиги ҳақида расмий баёнот бермаган эди.