Италияда қонни музлатувчи қотиллик


  • 3 Июнь, 2026
  • 11

Италиянинг Козенца шаҳри яқинида ёниб кетган автомобилдан топилган 4 та жасад покистонлик муҳожир деҳқонларга тегишли экани маълум бўлди. Хавфсизлик камераларига муҳрланган тасвирларда ишчиларнинг машинадан чиқишига йўл қўймагани кўринган 2 нафар Покистон ватандоши “оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан кўпчиликни ўлдириш” айблови билан қўлга олингани билдирилди.

Миллий матбуотда чиққан хабарларга кўра, кеча Козенца вилоятига қарашли Амендолара яқинидан ўтувчи 106 рақамли автомобиль йўлидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида тўхтаб турган ва ёниб кетган машинадан 4 кишининг жасади чиқарилган.

Олиб борилган дастлабки суриштирувлар натижасида, 4 киши покистонлик муҳожир деҳқонлар экани ва воқеа бахтсиз ҳодиса туфайли содир бўлмагани матбуотда акс этди.

Воқеа жойидаги хавфсизлик камералари тасвирлари текширилганда, машинага ўт қўйгани аниқланган 2 нафар гумонланувчи кузатилиб, кеча оқшом қўлга олинди. Қўлга олинганлар ҳам Покистон ватандошлари экани билдирилди. Кастровиллари прокурори Алессандро Д'Алессио ушбу шахсларга нисбатан “оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан кўпчиликни ўлдириш” айбловлари доирасида тергов ҳаракатларини олиб бораётгани қайд этилди.

Воқеа содир бўлган лаҳзага оид матбуотда тарқалган хавфсизлик камераси тасвирларида ҳам машинага ўт қўйган 2 киши ичидагиларнинг ташқарига чиқишига тўсқинлик қилгани кўринган. Шу билан бирга, “TGR Calabria” каналига гапирган ва ҳодисадан омон қолган бир муҳожир машинадан сўнгги лаҳзада ойнани синдириб чиқа олганини билдириб, қўлга олинган 2 киши уларни янада кўпроқ ишлашга мажбурлаб таҳдид қилганини ва ҳақларини тўламаганини айтди.


Бошқа мақолалар