- 2019-07-11
Америкалик тадбиркор Илон Маск жума куни, 12 июнда “SpaceX” акциялари савдоси бошланганидан
кейин тарихдаги илк триллионерга айланади. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар бермоқда.
Пайшанба куни “SpaceX” акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) параметрларини ошкор қилди. Инвесторларга ҳар бир акция учун 135 доллар нархида 555,6 миллион дона қимматли қоғоз таклиф этилади.
Савдоларнинг бошланиши 2026 йил 12 июнга режалаштирилган. “SpaceX” акциялари бир вақтнинг ўзида “Nasdaq Global Select Market” ва “Nasdaq Texas” майдончаларида “SPCX” тикери остида муомалага киритилади. Асосий жойлаштириш ҳажми 75 миллиард долларни ташкил этади.
“Маск бойлигининг асосий қисми ‘SpaceX’ билан боғлиқ бўлиб, ундаги улуши тахминан 866 миллиард долларга баҳоланмоқда. ‘Tesla’, ‘xAI’, ‘Neuralink’, ‘The Boring Company’ ва бошқа лойиҳалардаги активларини ҳисобга олган ҳолда, тадбиркорнинг умумий бойлиги ‘SpaceX’ акциялари савдоси бошланганидан кейин 1,1 триллион доллардан ошиши мумкин” деб ёзади “Reuters”.
“SpaceX”нинг акцияларни жойлаштириши сўнгги йиллардаги энг кўп кутилган IPO-лардан бири деб аталмоқда - у 2019 йилда 25,6 миллиард доллар маблағ жалб қилган “Saudi Aramco” томонидан ўрнатилган аввалги рекордни деярли уч баробарга ортда қолдирди.
Ўшанда “Aramco”нинг баҳоси 1,7 триллион долларни ташкил этган эди. Шу билан бирга, ОАВ жойлаштириш нархи бир акция учун 135 доллар бўлганида, “SpaceX” ширкати 1,75 триллион долларга баҳоланиши ҳақида хабар берди.
Таққослаш учун, дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида иккинчи ўринда турган “Google” ҳаммуассиси Ларри Пейж, ОАВ баҳолашига кўра, тахминан 300 миллиард доллар бойликка эга.