Саёҳат 25 дақиқага қисқармоқда


  • 31 Июль, 2026
  • 15

Альп тоғларининг юзлаб метр остида Австрия ва Италия ўртасидаги темир йўл боғланишида тарихий марра забт этилди. Тахминан 10,5 миллиард евро маблағ эвазига қурилган Бреннер табан тунелида сўнгги қоя деворининг бузилиши билан асосий тунеллар бир-бирига уланди.

Тугалланганида икки мамлакат ўртасидаги темир йўл қатновини сезиларли даражада тезлаштирадиган лойиҳа саёҳат вақтини тахминан 25 дақиқага туширади ва Европанинг чегаралараро темир йўл тармоғида муҳим боғланишни ҳосил қилади.

H53 Pfons–Brenner қурилиш майдончасида олиб борилган ишларда шарқий ва ғарбий асосий тунеллар соат 10:35 да бирлашди. Сўнгги қоя парчаси олиб ташлангач, австриялик ва италиялик кончилар ернинг юзлаб метр остида жам бўлиб, тунелларнинг бирлашишини нишонладилар.

Ўтган йили қидирув тунелларида таъминланган боғланишдан сўнг, бу сафар йўловчи ва юк поезди фойдаланадиган асосий тунеллар ҳам бир-бирига уланди. Шу тариқа Бреннер тунели лойиҳасидаги энг муҳим босқичлардан бири якунланди.

Бирлашиш нафақат икки мамлакатни, балки икки хил тунел қазиш усулини ҳам айни нуқтада бирлаштирди. Италия томонида “Virginia” ва “Flavia” номли тунел ковлаш машиналари қўлланилган бўлса, Австрия томонидаги ишлар анъанавий ўйиш-портлатиш усули билан амалга оширилди.

Илғор ўлчов технологиялари туфайли юзлаб метр чуқурликда олиб борилган қазишларда оғиш даражаси атиги бир неча сантиметр билан чекланди. Шундай қилиб тунеллар юқори аниқлик билан бир-бирига уланди.

BBT SE бошқарув кенгаши аъзолари Мартин Градницер ва Умберто Лебруто бу воқеани лойиҳадаги энг муҳим бурилиш нуқталаридан бири деб атаб, “Бреннер тунели чегаралардан ташқари умумий мақсадлар билан нималарга эриши мумкинлигининг аниқ исботидир” тарзида баёнот бердилар.

Тугалланганида Инсбрук билан Фортечча ўртасидаги масофани боғлайдиган 64 километрлик йўналиш саёҳат вақтини 80 дақиқадан 25 дақиқага туширади. Лойиҳа автомобиль йўлидаги оғир юк машиналари трафиги ва карбонат ангидрид чиқиндиларини темир йўл тармоқларига йўналтириб, Европа логистикасида янги даврни бошлаб беради.

Чегарадаги тарихий бирлашишдан сўнг гуруҳлар нигоҳини шимолга қаратди. Лойиҳанинг сўнгги тунел ковлаш машиналари бўлган “Wilma” ва “Olga” Инсбрук йўналишидаги асосий тунел қазишларини якунлаш мақсадида ўз ишларини давом эттирмоқда. Бу босқич ҳам тугагач, тунел тизимининг барча боғланишлари узлуксиз ҳолатга келади.


Бошқа мақолалар