Мисрда суд машҳур телебошловчини ўлим жазосига ҳукм қилди


  • 7 Сентябрь, 2026
  • 12

Мисрда телебошловчи ва продюсер Сара Халифа осиш орқали ўлим жазосига ҳукм қилинди. 39 ёшли аёл йирик гиёҳвандлик моддалари савдоси иши бўйича гумон қилинувчи сифатида тергов қилинган эди.

“Мумкин бўлмаган миссия” криминал дастурининг 39 ёшли бошловчиси билан бирга яна 11 киши олий жазога ҳукм қилинди.

Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар хомашёни олиб кириш, синтетик гиёҳвандлик моддаларини қўлбола усулда ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари бўлган. Қоҳирадаги иккита хонадонда ўтказилган тинтув чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 750 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ва кимёвий моддалар, шунингдек, рўйхатдан ўтмаган қурол-яроғларни мусодара қилишди.

Суд Миср муфтийсининг расмий диний хулосасини олгандан кейин қарор чиқарди, бу эса мамлакатда ўлим жазоси чиқарилаётганда мажбурий тартиб ҳисобланади.

Суд қарори қатъий ҳисобланмайди ва кассация судида шикоят қилиниши мумкин. Сара Халифанинг ўзи айбини тўлиқ инкор этмоқда.

Шу билан бирга, 2026 йил 11 август куни Ливан парламенти мамлакатда ўлим жазосини бекор қилди. Шу тариқа, Ливан араб дунёсида ўлим жазосини мажбурий меҳнат билан умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштирган илк мамлакатга айланди.


Бошқа мақолалар