Маск саҳнага олиб чиқди, рақобат қизиди


  • 20 Октябрь, 2026
  • 21

Илон Маск “дунёдаги илк учадиган автомобиль” бўлишини таъкидлаган янги Tesla Roadsterнинг ҳавода манёвр бажараётгани акс этган видеолар эълон қилингач, АҚШнинг Alef Aeronautics компанияси диққатга сазовор чиқиш қилди. Ўзининг учадиган автомобили Teslaнинг устидан учиб ўтган онларини бўлишган компания: “Tesla ва Маскни қутлаймиз. Биз 11 йилдан бери шу ердамиз”, деган сўзлар билан рақибига шама қилди.

АҚШнинг учадиган автомобиллар ишлаб чиқарувчиси Alef Aeronautics компанияси Tesla нинг янги Roadster моделига оид тасвирлардан сўнг ўз транспорт воситасининг ҳавога кўтарилган онларини эълон қилди. Электр мобил тўхтаб турган Tesla Roadster устидан учиб ўтган видео билан кун тартибига чиққан компания учадиган автомобиллар пойгасида йиллардан бери бир ўзи бўлганини даъво қилиб, Teslaга чорлов ташлади.

Alef бош ижро директори (CEO) Джим Духовни Teslaнинг ҳам учадиган автомобиллар пойгасига қўшилганидан мамнун эканини билдириб: “Учадиган автомобиллар пойгасида Teslaга хуш келибсиз деймиз. Биз 11 йилдан бери шу ердамиз”, деди.

Electrek нашрининг хабарига кўра, 16 октябрда чоп этилган видео Alef томонидан амалга оширилган 1000-синов парвозини кўрсатади. Компания ўз хабарида Tesla Roadsterни ўзидан кейин тарихдаги иккинчи учадиган автомобиль сифатида баҳолади. Бу баёнот Tesla янги Roadster моделининг учиш қобилиятларини ҳали жамоатчиликка намойиш этмагани сабабли пичинг сифатида қабул қилинди.

Alef аввал ҳам ўз тақдимотларида Tesla автомобилларидан фойдаланган эди. Компания ўтган йили Model Zero Ultralight прототипи ҳавога кўтарилиб, Tesla Cybertruck устидан учиб ўтгани акс этган тасвирларни бўлишган эди.

Alef CEO’си Духовны рақобатнинг ортиши учадиган автомобиллар секторига ижобий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Янги компанияларнинг бозорга кириши инвесторларнинг қизиқишини оширишини, ушбу транспорт воситаларига оид қоидалар ва меъёрларнинг ишлаб чиқилишини қўллаб-қувватлашини ҳамда турли технологияларни солиштиришни енгиллаштиришини таъкидлайди.

Alef’нинг Model A деб номланган транспорт воситаси ҳам қуруқликдаги йўлларда ҳаракатланиш, ҳам вертикал равишда ҳавога кўтарилиш учун лойиҳалаштирилган. Электрли вертикал учиш ва қўниш (eVTOL) технологиясидан фойдаланадиган автомобиль махсус двигателлари ёрдамида ҳавога кўтарилаётганда, унинг корпуси ҳам парвоз пайтида көтариб туриш кучини ҳосил қилади. Айланувчи учувчилар кабинаси конструкцияси автомобиль ҳавода бўлган вақтда йўловчининг тўғри жойлашувини сақлаб туришини таъминлайди. Компания, шунингдек, транспорт воситасига қутқарув парашюти тизимини ҳам қўшган.

Teslaнинг янги Roadster моделида эса ҳавога кўтарилиш учун реактив тортиш тизимидан фойдаланилиши кутилмоқда. Бироқ компания ушбу технологияни ҳали тижорий транспорт воситасида намойиш этгани йўқ.

Alef Aeronautics учадиган автомобиль лойиҳасини 2019 йилда ишлаб чиқишни бошлаган. Компания 2022 йилда тақдим этган Model A қуруқликда тахминан 354 километр, ҳавода эса 177 километр масофани босиб ўтиш имкониятига эга бўлишини маълум қилган эди. Автомобиль 2023 йилда АҚШ Федерал авиация бошқармасидан (FAA) махсус парвозга яроқлилик сертификатини олди. Бироқ ушбу ҳужжат моделнинг кенг кўламли тижорий фойдаланишга тайёр эканини англатмайди.

Компания баёнотига кўра, Model A учун умумий қиймати тахминан 1 миллиард долларга тенг бўлган 3 минг 600 дан ортиқ олдиндан буюртма берилган. Тахминан 299 минг 999 доллардан сотувга чиқарилиши кутилаётган автомобилнинг илк нусхаларини йиғиш Калифорниядаги Силикон водийси корхонасида бошланди. Alef 2026 йилнинг охиригача чекланган сонга эга мижозларга етказиб беришни, 2027 йилда эса ишлаб чиқаришни оширишни мақсад қилган. Илк транспорт воситалари кенг кўламда фойдаланишга топширилишдан олдин назорат қилинадиган шароитларда синовдан ўтказилади.


Бошқа мақолалар