Хитой-Қозоғистон-Туркманистон-Эрон йўналишида поезд қатнови бошланди


  • 12 Февраль, 2016
  • 1160

Янги темир йўл орқали юк ташишни йўлга қўйиш учун илк синов контейнер поезди ишга туширилди. Маршрутнинг умумий давомийлиги 10 минг километрни ташкил этади.

Хитой-Қозоғистон-Туркманистон-Эрон маршрути бўйича ишга туширилган илк синов контейнер поезди Туркманистондан Эронга йўл олди, хабар қилади РИА Новости Ашхобод маҳаллий оммавий ахборот воситаларига асосланган ҳолда.

Ушбу синов рейсидан мақсад — янги темир йўл маршрути орқали юк ташишни йўлга қўйишдир.

Турли товарлар ортилган поезд январ ойи охирида Хитой шарқий провинцияси — Чжецянда жойлашган Иу шаҳридан йўлга чиққан ва 9 кун ичида 7908 километр масофани босиб ўтиб, Туркманистоннинг Серхетяк темир йўл станциясига етиб келган.

Мутахассисларнинг тахмини бўйича поезд бир неча кундан кейин ўзининг охирги пункти – Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрига етиб бориши керак.

Хитой-Қозоғистон-Туркманистон-Эрон маршрутининг умумий давомийлиги 10 минг километрни ташкил қилади. У йўлда икки ҳафта ҳаракатланади, бу эса денгиз орқали босиб ўтиладиган масофадан икки баробар қисқа. Денгиз орқали бу иш учун 25-30 сутка вақт кетади.

Ушбу транспорт-транзит коридори Қозоғистон-Туркманистон-Эрон халқаро темир йўли қурилишидан кейин йўлга қўйилган эди. Темир йўл очилиш маросими 2014 йилда декабр ойида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Эрон раҳбари Ҳасан Рухоний иштирокида ўтказилган эди.

sputniknews-uz.comдан олинди.


Бошқа мақолалар