Туркия АҚШдаги олтинларини нимага қайтариб олди?


  • 16 Июль, 2018
  • 671

Туркиянинг АҚШдан ўз олтинларини қайтариб олишини таҳлил қилган рус мутахассислар Туркиянинг мустақиллиги кундан-кунга ортиб бораётганини ва Ғарбни потенциал босим ўтказиш воситаларидан маҳрум этаётганини айтди.

Россия иқтисодий хабарлар агнетлиги “Prime”га интервью берган “Freedom Finance” ширкати ходими Вадим Меркулов АҚШнинг Сурияда олиб бораётган сиёсати Туркияни ушбу одимга мажбур қилганини билдириб “Энди Туркия олтинларининг катта қисмини Швейцарияда сақлайди. Бу қадамга беқарор сиёсий алоқалар сабаб бўлмоқда. Шу тариқа Туркия АҚШга очиқча қарши чиқадиган бўлса, ўз олтин ва валюталарининг хавфсизигини таъминлаган бўлади. Бу қарор сабабли АҚШ қисман ютқазади, чунки Туркияга босим ўтказиш воситасидан маҳрум бўлади” деди.

“Open Broker” ширкати мутахассиси Андрей Кочетков ҳам АҚШ иттифоқдошлари олтинларини геосиёсий хатар сабабли АҚШда сақлашини ёдга солиб “Ғарб билан совет иттифоқи орасида уруш чиқса, олтин заҳиралари душманнинг қўлига тушмаслиги учун шундай йўл тутишганди. Лекин энди халқаро сиёсат ўзгармоқда. Туркия Европа ва АҚШнинг сиёсатига қарамликдан қутулмоқда” деди.

Анқаранинг молиявий тизимда ҳам мустақиллигини таъминлашга уринаётганини билдирган Кочетков бу ҳақда шундай деди:

“Бунинг тўғридан-тўғри молиявий натижалари бўлмайди, лекин бу каби қадамлар мустақил молиявий барқарорлик кафолати сифатида АҚШга ишонч даражасини камайтиради. Вашингтон ўз манфаатларини таъминлашда кўплаб истисноларга рухсат беришни бошлади. Халқаро ҳисоблар музлатилиб, банк хизмати билан алоқалар узилмоқда. Шу сабабли давлатларнинг олтин заҳираларини қайтариб олиш воқеалари кузатилмоқда. Туркия эса жуда салмоқли олтин заҳирасига эга. 2017 йил охирларида заҳира 525 тоннадан ошиб кетганди. АҚШдан қайтариб олинган олтинларнинг аҳамиятли томони йўқ, лекин бу Вашингтоннинг ҳамкорлари орасида ишонч йўқотаётганлиги борасида огоҳлантиришдир.”


Бошқа мақолалар