Лукашенко Россияга қўшилиш ҳақида гапирди


  • 16 Февраль, 2019
  • 509

Беларусь президенти Александр Лукашенко Сочида Россия президенти Владимир Путин билан учрашувдан кейин икки давлат аҳолиси хоҳласа, икки халқни бирлаштиришга тайёр эканлигини маълум қилди.

Лукашенко “Мен ўз фикримни баён қиламан. Ўйлайманки, ҳамкасбим ҳам менга қўшилади. Биз сизлар хоҳлаган савияда давлат ва халқни бирлаштиришга тайёрмиз. Биз эртагаёқ бирлашишимиз мумкин. Лекин руслар ва беларуслар бунга тайёрми? Агар сизлар тайёр бўлмасангиз, Россия қанчалик қудратли ва бепоён бўлишига қарамай, ўзининг истагини бировга мажбурлаб ўтказа олмайди. Шунинг учун Россия ва Беларусь халқи ўзининг мақсадларини белгиласин. Биз эса буни амалга оширамиз, биз сизларнинг хизматчиларингизмиз” деди.

Путин ўз навбатида “замонавий дунё – бу ўзаро боғлиқлик дунёси” эканлигини таъкидлаб, ҳозир жаҳонда бутунлай мустақил давлат йўқ эканлигини айтди. Путин “Қаранглар, Ғарбий Европада нималар бўляпти. У ерда Европарламент Европа иттифоқи аъзолари учун ўз вақтида собиқ иттифоқ олий кенгаши иттифоқдош республикалари бажариши мажбурий бўлган қарорлардан ҳам кўп қарор чиқармоқда. Бу нима мустақилликми? Ёки НАТОни олайлик. Ўйлайсизларки, Европа давлатлари АҚШ ракеталарининг Европага ўрнатилишини истайди. Ҳеч ким буни хоҳламайди, лекин жим ўтиришибди. Қани уларнинг суверенитети?” деди. 


Бошқа мақолалар