- 2014-06-30
Хитой ва Ҳиндистон ҳарбийлари орасида Галван водийсида юз берган тўқнашувда ўнлаб яраланганлар ва ҳалок бўлганлар маълум бўлди.
Тўқнашув 15 июндан 16 июнга ўтар кечаси икки ўлка орасидаги чегара ҳудудида рўй берди. Бу сўнгги 45 йилда илк қурбонлар берилган тўқнашув бўлди.
Ҳиндистон армияси хабарида “Ўз хизмат вазифасини бажараётган ҳарбийлар тўқнашув вақтида жиддий тан жароҳатлари олишди. Улардан 20 нафари ҳалок бўлди. Ҳиндистон армияси мамлакатнинг ҳудудий дахлсизлигини ва суверенитетини ҳимоя қилади” дейилди.
Хитой ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолат бўйича бир-бирини айбламоқда.
Май ойининг охирида Ҳиндистон ва Хитой ҳарбий бўлинмаларни жойлаштира бошлаганди.
6 июнь куни Ҳиндистон генерал-лейтенанти Хариндер Сингх ва Хитой генерал-майори Лю Лин юзага келган вазиятни муҳокама қилишганди. Натижада Ҳиндистон ва Хитой вазиятни тинч йўл билан дипломатик муҳокамалар орқали ҳал этишга келишиб олишганди. Кейинчалик иккала давлат ҳам ҳарбий бўлинмаларини чегара ҳудудидан олиб кета бошлаганди.
Хитой билан Ҳиндистон орасида 60 минг квадрат километр ҳудуд бўйича аввалдан тортишувлар бўлиб келган. 1962 йили тортишув чегара урушига айланганди. 1993 ва 1996 йиллари Хитой ва Ҳиндистон тортишувли ҳудудларда тинчликни сақлаш бўйича келишув имзолади.