Болалар учун пул қандай ажратилади?


  • 8 Сентябрь, 2022
  • 248

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев навбатдаги халққа мурожаатида миллий фонд даромадининг 50% ўлкадаги болалар учун очилган махсус ҳисоб рақамларига ўтказилиши ҳақида ташаббус билан чиққанди. Ҳисоб рақамидаги маблағни фақат 18 ёшга тўлганидан кейин олиш мумкин бўлиб, ушбу маблағ уй сотиб олиш ёки таълим учун сарфланади.

Президент “Ушбу маблағ ўсиб келаётган авлод учун катта ҳаётга ҳақиқий йўлланма бўлади. Фонд ҳақиқатда миллий статусга эга бўлиб, аҳоли манфаатлари учун хизмат қилади” деди.

Кейинроқ президент матбуот котиби миллий банк ҳисобларига кўра ҳар йили 400 мингга яқин гўдак дунёга келишини ҳисобга олган ҳолда бола 18 ёшга тўлганида унинг ҳисобида камида 3 минг доллар маблуғ тўпланишини билдирганди.

Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров миллий фонд даромади болаларга йилда бир марта ўтказилиб, АҚШ долларида сақланишини маълум қилди.

Қуантиров журналистларнинг саволларига жавоб бериб “Болаларнинг ҳисобига йилда бир марта пул ўтказилади. Ўтган йилнинг даромадидан 50% маблағ болалар ҳисобига ўтказилади” деди.

Махсус ҳисоб рақами 2024 йили 18 ёшга тўлмаган барча болалар учун очилади. Пул ўтказмалари улар 18 ёшга тўлгунча давом этади. Ҳисоб рақамлари чет эл валютасида бўлиб, уларга устама фоизлар ҳам қўшилиб боради.

Вазир президент матбуот котибининг 3 минг доллар ҳақидаги сўзларини изоҳлаб “3 минг доллар бу тахминий маблағ. Ҳозирда бу борада қўшимча ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда. Ушбу тизим 2024 йилдан бошлаб ишга тушади. Бу тизимда болалар 16 ёшга тўлган бўлса  2 йил,  8 ёшда бўлса 10 йил бўлиши мумкин. Шуларни ҳисобга олган ҳолда уларнинг жамғармалари ҳам турлича бўлади” деди. 


Бошқа мақолалар