- 2013-08-21
Футбол бўйича Европа Чемпионатининг финалида Испания ва Англия терма жамоалари 14 июль, якшанба куни ўзаро тўқнаш келди.
Учрашувнинг биринчи бўлими нисбатан эҳтиёткор ўтди ва ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлим бошида Нико Уильямс Ямалнинг узатмасини голга айлантирди. 73-дақиқада келиб, захирадан майдонга туширилган Палмер ҳисобни тенглаштирди.
87-дақиқада Микель Ойарсабаль испанларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Учрашув охирига қадар 2:1 ҳисоби сақланиб қолди ва Де ла Фуэнте шогирдларининг қўли баланд келди.
Шу тариқа Испания 2024 йилги Европа Чемпионати ғолибига айланди.
Турнир финалчилари Испания ва Англия терма жамоаларига оид маълумотлар:
Испания ўз тарихида 4 марта қитъа турнирида зафар қучди — 1964, 2008, 2012 ва 2024. Бу борада испанлар етакчи ҳисобланади. Германия терма жамоаси 3 марта турнирда ғалаба қозонган бўлса, Италия ва Франция 2 мартадан совринни қўлга киритган.
Англия 58 йилдан буён йирик турнирларда ғалаба қозона олмаяпти. Инглизлар томонидан қўлга киритилган ягона турнир — 1966 йилги Жаҳон Чемпионати эди.
2016 йилдан буён Англияни бошқариб келаётган Гарет Саутгейт Евролар тарихида икки марта финални бой берган илк мураббийга айланди. Англия 2021 йилги турнирда Италияга пенальтилар сериясида мағлуб бўлганди.
Испания Евро—2024 мусобақасидаги барча 7 ўйинда ғалаба қозонди. Де ла Фуэнте шогирдлари финалга қадар Хорватия, Италия, Альбания, Грузия, Германия ва Франция каби жамоалардан устун келди. Бу Европа Чемпионати рекорди ҳисобланади.
Шунингдек, Испания финалга қадар етиб борган 4 та йирик турнирда ғалаба қозонган илк терма жамоага айланди. Бунга қадар испанлар 2008 ва 2012 йилги Еврода, 2010 йилги Жаҳон Чемпионатида шоҳсупага кўтарилган.
Ҳарри Кейн яна бир бор соврин қўлга киритиш имкониятидан маҳрум бўлди. Ҳарри фаолияти давомида бирорта соврин ютмаган. Ҳужумчи икки марта Европа Чемпионати финалида иштирок этган, “Тоттенҳэм” билан биргаликда эса Чемпионлар Лигаси ва Англия Лига Кубоги финалига қадар етиб борган.
14 июль куни Европа чемпионатидан ташқари Америка қитъаси чемпионатининг финал учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Финал учрашувида чемпион Аргентина Колумбия миллий жамоасига қарши майдонга тушди. Асосий вақтда ҳисоб очилмади. Қўшимча бўлимларнинг иккинчисида эса аргентиналик ҳужумчи Лаутаро Мартинес ғалаба тўпини киритди.
Шу тариқа, Аргентина кетма-кет 2 марта ғалаба қозонди. Аргентина ғалабадан сўнг 16-бор ўз қитъасида тенгсиз жамоага айланди ва Уругвайни (15) ортда қолдириб, мутлақ рекордчига айланди.
daryo.uz дан олинди.