- 2022-11-17
“Хизбуллоҳ” ташкилоти сафига кириб олган эронлик жосус Исроил армиясига Хасан Насраллоҳнинг жойи ҳақида маълумот жўнатган. Бу эса Исроил армиясига аниқ нуқтани бомбалашга имкон берди.
Бу ҳақда “Le Parisien” француз газетаси Ливан хавфсизлик хизматидаги манбасига асосланиб хабар бермоқда.
27 сентябрь куни Насраллоҳ Исроил авиазарбасидан ҳалок бўлган Хизбуллоҳ қўмондони Муҳаммад Ҳусайн Срурнинг жанозасида иштирок этган. Жаноза маросими Хизбуллоҳнинг ер ости қўмондонлик марказидан унча олис бўлмаган жойда ўтказилган. Бу вақтда Исроилнинг бункерга қарши бомбалари билан қуролланган Ғ-35 қирувчи самолётлари унинг штабга қайтишини кутиб, пистирмада пойлаб турган.
Куннинг иккинчи ярмида эронлик жосус исроилликларга Насраллоҳнинг штабга келаётганини хабар беради. Хасан Насраллоҳ штабга Эрон инқилоб муҳофизларининг “Ал-Қудс” бўлинмаси қўмондони ўринбосари генерал-майор Аббос Нилфорушаннинг автомобилида келади. Хизбуллоҳнинг тезкор йиғилишида Насраллоҳдан ташқари яна 12 нафар қўмондон ҳам қатнашган. Исроил ҳарбийлари уларнинг барчаси бир жойга тўпланишини кутган ва бомбалашга буйруқ берган.
Газетанинг хабарига кўра, Исроил армияси қўмондонлик марказига 80 тоннадан ортиқ бомба ташлаган.
Нашрларнинг маълумотига кўра, ер ости қисмида Хизбуллоҳнинг штаби жойлашган олти бинодан харобалар ва 30 метр чуқурликдаги кратергина қолган.
Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни Хизбуллоҳ бошчиси Ҳасан Насраллоҳ Бейрут шаҳри яқинидаги ер ости штабида Исроил бомбардимонидан кейин ҳалок бўлганди. Ҳалок бўлганлар орасида Эрон инқилоб муҳофизлари қўмондони ўринбосари генерал-майор Аббос Нилфорушан ҳам бўлган.