Дональд Трамп вазирликни ёпмоқчи


  • 13 Февраль, 2025
  • 20

АҚШ президенти Дональд Трамп радикал қарорлар қабул қилишда давом этмоқда. Энди у Таълим вазирлигини нишонга олди ва “Дарҳол ёпилишини истайман”, деди. АҚШнинг таълим бўйича дунёдаги энг яхши 40 мамлакат ичида 40-ўринда эканлигини таъкидлаган Трамп, “Бу ерда ҳеч ким ишга келмайди. Чунки ҳамма уйдан ишлайди. Кўпчилигининг иккинчи, ҳатто учинчи ишлари бор. Улар ҳаммаси ишдан бўшатилади”, деди. Трампнинг таъкидлашича, Ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбари Илон Маск бу масала билан шуғулланмоқда.

Расман лавозимга киришганидан кейин федерал ҳукумат ташкилотларининг давлат харажатларини қисқартириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширган АҚШ президенти Дональд Трамп бу сафар Таълим вазирлигини ёпиш масаласини кўтарди. Овал офисда журналистлар билан суҳбатда Трамп Таълим вазирлигини ёпиш кераклигини айтди.

“Таълим вазирлиги қайси муддатда ёпилиши керак?” деган саволга Трамп, “Дарҳол ёпилишини истайман”, деб жавоб берди. У, шунингдек, “Қаранг, Таълим вазирлигида катта ноқонуний ишлар амалга оширилмоқда”, деди.

Ташкилот самарадорлигини шубҳа остига олган Трамп, “Дунёдаги энг яхши 40 мамлакат рўйхатини тузишди. Биз 40-ўриндамиз. Лекин бир йўналиш бўйича биринчи ўриндамиз: талабага тўғри келадиган харажат бўйича”, деди.

АҚШда ҳар бир талаба учун қилинган харажат дунёдаги барча мамлакатлардан кўпроқ эканлигини айтган Трамп, “Аммо биз 40-ўриндамиз. Аввал 38-40-ўринлар орасида эдик. Охирги марта кўрганимда 38-ўринда эдик. Икки кун аввал янги рўйхатга назар солдим. 40-ўринга тушибмиз. Демак, биз 40-ўриндамиз”, деди.

АҚШни таълим соҳасида бошқа давлатлар билан таққослаган Трамп, “Норвегия, Дания, Швеция. Буни айтишни ёқтирмайман, лекин Хитой – қанчалик катта бўлмасин – биринчи бешликда. Ва у биз учун асосий рақиб”, деди. Шунга қарамай, АҚШ 40-ўринда эканлигини урғулаган Трамп, “Агар биз 40-ўринда бўлсак, демак, нимадир нотўғри, тўғрими?” деб савол ташлади.

Вашингтондаги амалдорларни таълимда имконият тенглигини “ҳеч ҳам қизиқтирмаслиги”ни иддао қилган Трамп, “Демак, Вашингтондаги одамларнинг кўпчилиги қишлоқ жойларидаги болалар ҳақида қайғурмайди. Фермерларни, фермерларнинг қизлари ва ўғилларини ўйламайди”, деди.

Вашингтонда “катта бюрократия” ва ҳар жойда Таълим вазирлиги бинолари борлигини айтган Трамп, “Айтганча, ҳеч ким ишга келмайди. Чунки ҳамма уйдан ишлайди, биласиз. Ва кўпчилигининг иккинчи, ҳатто учинчи ишлари бор”, деди.

Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маск бу масала билан ҳам шуғулланаётганини айтган Трамп, “Уйдан ишлаб, пул олаётган, аммо аслида ишламаётган одамлар қанча? Чунки уларнинг иккинчи, ҳатто учинчи ишлари бор. Кўпчилгини кўрасиз ва бу одамлар ишдан бўшатилади. Чунки ҳукуматни кичрайтиришимиз керак”, деди.

Трамп аввалги баёнотида Маскка яқин вақт ичида Таълим вазирлигини текшириш топшириғини беришини айтган эди. Охир-оқибат ноқонуний ҳаракатларга ишора қилган Трамп, “У ҳам худди шундай хулосага келади. Кейин мен армияга ўтаман. Армияни текширишимиз керак. Миллиардлаб, юз миллиардлаб долларлик фирибгарлик ва суиистеъмол ҳолатларини топамиз”, деди.


Бошқа мақолалар