Мисрда юз йил ичида биринчи марта шоҳ қабри очилди


  • 21 Февраль, 2025
  • 16

Британиялик ва мисрлик олимлар милоддан аввалги 1492–1479 йилларда ҳукмронлик қилган шоҳ Тутмос II қабрини очиб, уни тадқиқ қилдилар.

Миср-Британия экспедицияси XVIII сулола ҳукмдори бўлган Тутмос II қабрида қазиш ишларини ўтказди. У тахминан милоддан аввалги 1492–1479 йилларда ҳукмронлик қилган. Қизиғи шундаки, бу сўнгги юз йил ичида мисрлик фиръавнлар қабри биринчи марта очилди. Охирги марта бундай йирик кашфиёт Тутанхамон қабрининг топилиши бўлган эди.

Тутмос II қабри XVIII сулола шоҳларининг охирги йўқолган қабри деб ҳисобланган. У Тутанхамоннинг аждоди бўлган. Тутмос II нинг рафиқаси машҳур мисрлик малика Ҳатшепсут бўлиб, унинг вафотидан сўнг тахтга чиққан. Тутмос II ҳукмронлиги Нубияда юз берган қўзғолонни жадал равишда бостириш билан бошланган. Шунингдек, у Сурияга юриш қилган ва Ливия қабилаларини таслим этган. Карнакда у отаси бошлаб кетган қурилиш ишларини тугатган, яна бир пилон (ибодатхона дарвозаси) қурилишини бошлаган ва эҳтимол, бир нечта ҳайкалларини ўрнатган. Айрим манбаларга кўра, Тутмос II "Ибтидо" китобида қайд этилган фиръавн бўлган.

Қабрга кириш 2022 йилнинг охирида топилган, аммо аввалги тадқиқотчилар бу шоҳ аёлига тегишли қабр деб ўйлаган. Олий Археология Кенгаши бош котиби доктор Муҳаммад Исмоил Холид тушунтиришича, бу хато шоҳ аёллар қабрларига яқинлиги билан боғлиқ бўлган. Унинг ёнида Тутмос III ҳамда Ҳатшепсут учун тайёрланган қабрлар мавжуд. Аммо жорий мавсумда қазиш ишлари тўлиқ тугатилганда, экспедиция янги археологик далилларни топиб, қабр эгасини аниқлади. Қабр ичида топилган алебастр идишлари устида Тутмос II ва унинг бош аёли Ҳатшепсут номлари битилган эди.

Олий Археология Кенгаши бош котиби бу топилмани сўнгги йиллардаги энг муҳим археологик кашфиётлардан бири деб атади. Сабаби, бу ерда топилган артефактлар шоҳ Тутмос II ҳукмронлик даври тарихи учун муҳим қўшимча бўлмоқда. Археологлар биринчи марта унинг ҳукмронлик даврига оид мебеллар топишди. Қабр деворларидаги гипс бўлакларида гравюралар ва "Ами Дават" китоби парчалари аниқланган. Бу китоб фиръавнлар қабрларига бағишланган энг муҳим диний асарлардан бири ҳисобланади.

Миср археология сектори раҳбари Муҳаммад Абдул-Бадий қабр фиръавн вафотидан сўнг тез орадаги сел сувларидан жиддий зарар кўрганини маълум қилди. Археологлар тахминига кўра, қабрнинг асосий жиҳозлари сув тошқинидан кейин бошқа жойга кўчирилган.

Экспедициянинг Британия томони раҳбари доктор Пирс Латерленд таъкидлашича, қабрнинг оддий архитектураси XVIII сулола давридаги кейинги шоҳлик қабрлари учун намуна бўлган. Унинг оштукатурланган коридори бор бўлиб, у дафн камерасига олиб боради. Коридор полининг баландлиги тахминан 1,4 метр бўлиб, бу қабр ичидаги буюмлар, жумладан, Тутмос II мумиясини кўчириш учун фойдаланилган бўлиши мумкин.


Бошқа мақолалар