- 2021-05-31
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг соғлиғи ва шахсий маълумотлари ҳукумат томонидан энг катта давлат сирларидан бири сифатида сақланади. ОАВда тарқалган маълумотларга кўра, у Хитойга сафари давомида ўз ДНКси ҳақида маълумотлар тарқалмаслиги учун махсус қурилган шахсий ҳожатхона билан йўл олган.
Япон ва Жанубий Корея разведка манбаларига кўра, Ким Чен Ин Россия президенти Владимир Путин билан учрашгандан сўнг, унинг ҳамроҳлари у тегиб ўтган ҳар бир нарсани — ўтирган курси, ичган стакани ва бошқа жиҳозларни алоҳида тозалаган.
New York Post ёзганидек, мазкур махсус ҳожатхона Кимни Пекинга олиб борган яшил рангли зирҳланган поездда жойлашган бўлиб, сафари Иккинчи жаҳон урушининг якунланишининг 80 йиллиги муносабати билан ташкил этилган Хитойнинг йирик ҳарбий парадига тўғри келган.
Кремль мухбири Александр Юнашевнинг айтишича, Ким Чен Иннинг жамоаси унинг ичган стаканини йиғиш билан чекланмаган, балки ўтирган курсиси ва у тегиб ўтган жиҳозларни ҳам бирма-бир артиб чиққан.
Жанубий Корея разведкаси вакили Nikkei Asiaга берган изоҳида шундай деган:
“Лидернинг жисмоний ҳолати Шимолий Корея режими учун катта аҳамиятга эга. Шу боис соч, из, чиқинди каби ҳатто энг кичик белгилар ҳам ташқи қўлларга тушиб қолмаслиги учун махсус чоралар кўрилади.”
Бу воқеа яна бир бор Ким Чен Иннинг шахсий хавфсизлиги ва соғлиғи Шимолий Корея ҳокимияти учун стратегик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатмоқда.