Икки давлат ўртасида тинчлик шартномаси имзоланди


  • 5 Декабрь, 2025
  • 9

АҚШ Президенти Дональд Трамп воситачилигида Руанда ва Конго Демократик Республикаси ўртасида тинчлик шартномаси имзоланди. Шартномани имзолаш марасимида Трамп: "Биз энг йирик ва энг кучли компанияларимизнинг баъзиларини Руанда ва Конгога юборяпмиз. Биз ноёб элементларни, баъзи бойликларни қазиб оламиз. Ҳамма жуда кўп пул ишлайди", деди.

Конго Демократик Республикаси (КДР) ва Руанда КДРнинг шарқида давом этаётган ихтилофларга барҳам бериш мақсадида АҚШ воситачилигида "тарихий" тинчлик ва иқтисодий шартнома имзолади.

Оқ уйдаги имзолаш марасимида сўзга чиққан АҚШ Президенти Дональд Трамп: "Воқеаларнинг жуда тез содир бўлишини кўрасиз. Бу катта сюрприз бўлади", деди.

Трамп мезбонлик қилган ва АҚШ Тинчлик Институтида ўтказилган имзолаш марасимида КДР Президенти Феликс Чисекеди ва Руанда Президенти Пол Кагамедан ташқари, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Сенегал каби минтақа давлатлари вакиллари ҳам иштирок этди.

Имзолаш марасимидаги нутқида Президент Чисекеди ва Президент Кагамега алоҳида-алоҳида миннатдорчилик билдирган Трамп, ўнлаб йиллар давом этган урушга чек қўйилганидан жуда мамнун эканлигини билдирди.

Трамп шундай деди: "Бугун ажойиб кун. Африка учун катта кун, дунё ва бу икки давлат учун жуда муҳим кун. Бугун улар фахрланадиган жуда кўп нарса бор. Икки давлат етакчиларига алоҳида ташаккур айтмоқчиман".

Дональд Трамп "Энг катта ва энг кучли компанияларимизнинг баъзиларини Руанда ва Конгога юборяпмиз. Биз ноёб элементларни, баъзи бойликларни қазиб оламиз. Ҳамма жуда кўп пул ишлайди", деди.

Мазкур шартнома доирасида ихтилофларга барҳам берилиши, КДРнинг ҳудудий яхлитлиги ҳимоя қилиниши ва мамлакатдаги фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш устидан тўлиқ суверенитети қайтадан тасдиқланиши айтилди.

КДРнинг шарқида узоқ вақтдан бери давом этаётган зўравонлик минглаб одамларнинг ўлимига ва миллионлаб одамларнинг ўз уйларини тарк этишига сабаб бўлган.

М23 исёнчи гуруҳининг 2021 йилда қайта пайдо бўлиши билан ихтилофлар кескинлашди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва КДР расмийлари Руандани 23 март Ҳаракати (М23)ни қўллаб-қувватлашда айбламоқда, Кигали эса бу айбловларни рад этмоқда.


Бошқа мақолалар