2025 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ иккинчи йил бўлади


  • 9 Декабрь, 2025
  • 31

Европа Иттифоқининг (ЕИ) йўлдош мониторинги тизими Copernicus Иқлим ўзгариши хизмати (C3S) 2025 йил 2023 йил билан бир хил рекордни қайд этиб, кузатувлар тарихидаги энг иссиқ иккинчи йил бўлишини эълон қилди.

Copernicus Иқлим ўзгариши хизмати томонидан эълон қилинган ойлик ҳарорат таҳлилига кўра, 2025 йил ноябр ойи глобал миқёсда қайд этилган энг иссиқ учинчи ноябр ойи бўлди. Ўтган ойда глобал ер усти ҳароратининг ўртача кўрсаткичи 1991–2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 0,65 даража юқори бўлиб, 14,02 даража ўлчанди. Канаданинг шимоли ва Шимолий Муз океанида ўртачадан юқори ҳарорат қайд этилди.

2025 йил ноябр ойи кузатувлар тарихидаги энг иссиқ шу ой бўлган 2023 йил ноябридан 0,20 даража ва 2024 йил ноябридан 0,08 даража совиқроқ кечди. Ўтган ойдаги ўртача ер усти ҳарорати саноатгача давр ҳисобланган 1850–1900 йиллардаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 1,54 даража ортиш кўрсатди.

2025 йил январ-ноябр давридаги ўртача ҳарорат эса кузатувлар тарихидаги энг иссиқ иккинчи йил бўлган 2023 йилнинг худди шу даврига ўхшаш хусусиятларга эга бўлиб, 1850–1900 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 1,48 даража юқори бўлди. C3S глобал ҳароратдаги ушбу аномалияларни инобатга олиб, 2023 йилдаги динамикага ўхшаш ёки жуда яқин бўлган 2025 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ иккинчи йил бўлишини тахмин қилди.

Шундай қилиб, 2024 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиб қолаверади, 2023 ва 2025 йиллар эса энг иссиқ иккинчи йиллар сифатида қайд этилади.

Глобал ўртача ҳароратнинг кўтарилиши бу йил саноатгача даврнинг ўртача кўрсаткичига нисбатан 1,5 даражадан ошиши кутилмаса-да, 2023–2025 йиллар даври бу ҳарорат остонаси ошиб ўтилган биринчи 3 йиллик давр бўлади.

C3S директорининг ўринбосари ва стратегик иқлим етакчиси Саманта Бургесс таҳлилга изоҳ бериб, ўтган ойда глобал ҳароратнинг ўсиши саноатгача даврнинг ўртача кўрсаткичига нисбатан 1,54 даражага етганига эътибор қаратди ва шундай деди: "2023–2025 йиллар даври ҳам биринчи марта 1,5 даража остонасидан ўтиш йўлида бормоқда. Бу бурилиш нуқталари иқлим ўзгаришининг жадаллашувини акс эттиради. Келажакда ошадиган ҳароратни чеклашнинг ягона йўли — иссиқхона газлари чиқиндиларини тез камайтиришдир".


Бошқа мақолалар