Венгрияда Украина банкининг инкассаторлик машиналари қўлга олинди


  • 6 Март, 2026
  • 16

Венгрияда Украина давлат “Ощадбанк”ига тегишли бўлган, Австриядан Украинага катта миқдордаги пул маблағлари ва банк металларини ташиётган иккита инкассаторлик автомобили тўхтатиб қолинди.

Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Будапештда Венгрия расмийлари етти нафар Украина ватандошини — “Ощадбанк” ходимларини гаровга олганини ҳамда пул ва қимматбаҳо бойликларни ўғирлаганини маълум қилди.

“Бугун Будапештда Венгрия расмийлари етти нафар Украина ватандошини гаровга олди. Бунинг сабаблари, шунингдек, уларнинг саломатлиги ва улар билан боғланиш имконияти ҳозиргача номаълум бўлиб қолмоқда”, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.

Сибиганинг қайд этишича, ушбу етти нафар украиналик давлат “Ощадбанки” ходимлари бўлиб, улар иккита инкассаторлик автомобилида Австрия ва Украина ўртасида давлат банклари орасидаги мунтазам ташишлар доирасида пул ва қимматликларни олиб кетаётган бўлган.

“Ощадбанк” ҳам ўз ходимларининг ўғирлаб кетилиши ҳамда ўғирланган маблағ ва бойликлар миқдори юзасидан баёнот берди.

“GPS сигнали маълумотларига кўра, ноқонуний равишда ушлаб турилган “Ощадбанк” автомобиллари ҳозирда Будапешт марказида, Венгрия куч ишлатар тузилмаларидан бирининг биноси яқинида турибди. Автомобилларнинг турган жойи Украинанинг Венгриядаги элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари томонидан тасдиқланди. “Ощадбанк” ходимларининг қаерда эканлиги ҳозирча номаълум”, дейилади банк баёнотида.

Венгрия ва Украина ўртасида кескинлик кучаймоқда: 2 март куни Венгрия бош вазири Виктор Орбан сунъий йўлдош тасвирларига таяниб, Венгрияга Россия нефти келадиган “Дружба” нефть қувурининг ишлаши учун гўёки ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини исботловчи далиллар борлигини айтган эди.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан ижтимоий тармоқларда Украинани нефть транзитини тиклашга куч билан мажбур қилиш ҳақида таҳдидли видеоларни жойлаштирди.

Украина президенти Владимир Зеленский эса сунъий йўлдошдан ҳамма деталлар ҳам кўринмаслигини таъкидлади. Шунингдек, у Европа Иттифоқининг 90 миллиардлик кредити “бир шахс” (Виктор Орбан назарда тутилмоқда) томонидан блокланиши тўхтатилишига умид билдирди.


Бошқа мақолалар