- 2025-06-09
Индонезиянинг Бекаси шаҳри (пойтахт Жакартанинг шаҳар атрофи) шарқий қисмидаги
станцияда шаҳарлараро электропоезд ва узоқ масофага қатновчи поезд тўқнашди. Қурбонлар бор.
2026 йил 28 апрель тонгидаги сўнгги маълумотларга кўра, ҳалокат оқибатида 14 киши ҳалок бўлди. Уларнинг жасадлари шахсини аниқлаш учун юборилди. Яна 84 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олди ва тиббиёт муассасаларига етказилди.
Ҳодиса 27 апрель куни кечқурун содир бўлди. Тўқнашувдан дарҳол кейин қутқарув хизматлари йўловчиларни эвакуация қилишни ва жабрланганларга ёрдам кўрсатишни бошлади. Одамларнинг бир қисми оғир аҳволда бўлгани ва ихтисослаштирилган ёрдамга муҳтожлиги туфайли ишлар ўта эҳтиёткорлик билан олиб борилди.
Темир йўл компанияси вакиллари ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди ва айни дамда асосий устуворлик – жабрланганларни даволаш ва уларнинг қариндошларини хабардор қилиш эканини маълум қилди. Билдирилишича, ярадорларни даволаш ва ҳалок бўлганларни дафн этиш харажатлари тўлиқ қопланади.
Ҳодиса жойида йўловчиларнинг қариндошлари учун маълумот пункти ташкил этилди. Авария содир бўлган станция вақтинча ёпилган ва ушбу ҳудудда поездлар ҳаракати чекланган.
“Antara” агентлиги хабар беришича, Индонезия президенти Прабово Субианто поездларнинг фожиали тўқнашувини дарҳол тергов қилишни топширди. У, шунингдек, ҳукумат фожианинг аниқ сабабларини аниқлаши шартлигини қайд этди ва тиббиёт хизматларига барча омон қолганларга тўлиқ соғайиб кетгунларига қадар максимал даражада сифатли даволанишни таъминлашни буюрди.
Президент авариянинг бевосита сабабларини аниқлашдан ташқари, темир йўлларда хавфсизлик чораларини кучайтириш ниятида эканини билдирди. Хусусан, у кўплаб қўриқланмайдиган темир йўл кесишмаларининг хавфига эътибор қаратди ва транспорт тизими хавфсизлигини ошириш учун давлат томонидан тезкор чоралар кўрилишини ваъда қилди.