- 2024-03-07
Буюк Британия бош вазири Илон Маскни мамлакатда адоват қўзғашда айблади. Кир Стармернинг
таъкидлашича, Маск бунинг учун британиялик Генри Новакнинг ўлдирилиши атрофидаги шов-шувли можародан фойдаланмоқда.
2025 йил 3 декабрь куни 18 ёшли биринчи курс талабаси Генри Новак 23 ёшли ҳиндистонлик Викрам Дигва томонидан беш марта пичоқланган. Полиция етиб келганида, Дигва Новак унга ирқчилик мотивлари асосида ҳужум қилганини, ўзи эса фақат ҳимояланганини даъво қилган.
Якунда полиция яраланган Новакнинг қўлларига кишан таққан ва у кейинчалик олган жароҳатлари оқибатида вафот этган. Дигванинг ўзи ҳужум қурбони бўлгани ҳақидаги талқини кейинчалик рад этилди ва у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
2026 йилнинг май ойида полициячиларнинг боди-камераларидаги видеолар оммага ошкор қилинганидан кейин бу воқеа Буюк Британияни қайтадан ларзага келтирди: тасвирларда ходимлар Новак яраланганини айтаётган бўлса-да, унинг қўлларига кишан тақишаётгани ва унга ҳатто биринчи ёрдам кўрсатишга ҳам уринишмаётгани яққол кўриниб турибди.
Бу мавзуни Буюк Британия ўнг қанот вакиллари, жумладан, “English Defence League” ҳаракати асосчиси Томми Робинсон ва “Reform UK” партияси лидери Найжел Фараж илиб кетишди: улар полицияни иккиёқлама стандартларда ҳамда бундай вазиятларда полициячилар оқ танли британияликларни эмас, балки мигрантларни ҳимоя қилишга мойил эканлигида айблашди.
Ушбу кампанияга Илон Маск ҳам қўшилди ва у Британия полициясини “оқ танлиларга нисбатан ирқчилик қилаётганликда” айблаб, Дигвани ўлим жазосига маҳкум этишга чақирди.
Британия бош вазири Стармер Маскнинг айнан мана шу баёнотларини адоват қўзғашга қаратилган деб баҳолади.
“Маск сўнгги бир неча ҳафта ичида сиёсатимизга фаол аралашиб, нифоқ уруғларини сочишга ҳаракат қилмоқда. Лекин Британияда биз бундай эмасмиз. Британияда биз мулоҳазали, бағрикенг инсонлармиз ва Генри Новакнинг воқеаси каби даҳшатли ҳодисалар юз берганда, худди унинг оиласи каби хотиржам муносабат билдирамиз”, деди Стармер.
Пайшанба куни Британия бош вазири Хэмпшир полициясининг хатти-ҳаракатларига бўлган муносабатни муҳокама қилиш учун Даунинг-стритда Новакнинг оиласи билан учрашди.
Учрашувдан сўнг у кўрганларидан “чуқур қайғуга ботганини” айтди ва “ушбу ишдаги адолатсизликни тузатиш учун барча зарур чораларни кўришга” ваъда берди.