Бир тилим пишлоқ ҳаётига зомин бўлди


  • 11 Июнь, 2026
  • 8

Англияда қўлбола усулда тайёрланган пишлоқни истеъмол қилганидан кейин листерия бактерияси сабабли ҳаётдан кўз юмган рассом Рожер Паркеснинг рафиқаси, ишлаб чиқарувчи компанияга қарши 200 минг фунт стерлинг (тахминан 131 миллион тенге) миқдоридан ортиқ товон пули даъво аризасини киритди. Фирма бактерия борлигини тан олса-да, ўлим айнан пишлоқ туфайли содир бўлганини рад этмоқда.

Англияда яшаган рассом Рожер Паркес 2023 йилнинг февраль ойида уйига буюртма қилган қўлбола пишлоқларни истеъмол қилганидан бир неча кун ўтиб мазаси қочди. Шифохонага ётқизилган Паркесга овқатдан заҳарланишларга сабаб бўладиган бактерия тури - листерия инфекцияси ташхиси қўйилди.

Жадал антибиотик даволаш муолажаларига қарамай, рассомнинг аҳволи тез фурсатда ёмонлашди ва у 2023 йил 27 февралда кўп аъзоли етишмовчилик ҳамда бош мия пардаси яллиғланиши (менингоэнцефалит) оқибатида вафот этди.

Ҳодисадан сўнг бошланган суриштирув ишларида истеъмол қилинган пишлоқ таркибида листерия бактерияси мавжудлиги ва маҳсулот инсон соғлиғига мутлақо тўғри келмаслиги тўғрисида хулоса берилди. Ишлаб чиқарувчи фирма органик Жерси сутидан тайёрланган “Baronet Reblochon” номли пишлоғини бозорлардан шошилинч равишда қайтариб олди ва маҳсулотда ўлимга олиб келувчи хавфли бактерия борлигини қабул қилди.

Бироқ ширкат машҳур рассомнинг ўлими учун масъулиятни ўз зиммасига олишдан бош тортмоқда. Фирма адвокатлари Рожер Паркеснинг илгари жиддий юрак-қон томир касалликларидан азият чекканини ва катта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганини рўкач қилиб, ўлимнинг бевосита пишлоқ туфайли юз бергани исботланиши кераклигини даъво қилишмоқда.

“The Sun” нашрининг хабарига кўра, турмуш ўртоғининг ўлимида бутунлай ишлаб чиқарувчи компанияни айбдор деб ҳисоблаётган Карина Паркес ҳуқуқий кураш бошлаб, ширкатга қарши 200 минг фунт стерлинглик даъво аризаси билан чиқди. Томонлар ўртасида ҳозирга қадар ҳеч қандай келишувга эришилмаган бўлиб, суд жараёни яқин кунларда бошланиши кутилмоқда.


Бошқа мақолалар