- 2024-06-18
Буюк Британия ҳукумати ноқулай об-ҳаво ҳодисалари, киберҳужумлар ва давлат томонидан содир этилиши
мумкин бўлган хавфсизлик таҳдидларига қарши ватандошларга камида 3 кунга етадиган озиқ-овқат ва сув захирасини жамғаришни тавсия қилди.
Буюк Британия ҳукумати томонидан бошланган “Be Ready” (“Тайёр бўл”) кампанияси доирасида хонадонларнинг табиий офатлар, киберҳужумлар ва критик инфратузилмадаги узилишлар каби фавқулодда ҳолатларга шай туришини таъминлаш мақсад қилинган.
Кампания доирасида аҳолига киши бошига кунига 3 литрдан 3 кун учун жами 9 литр ичимлик суви, тез бузилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи ёрдам тўплами, чўнтак чироғи (фонарик), кўрпа-жой, нақд пул ва батареяда ишлайдиган радиоприёмник сақлаш тавсия этилди. Фавқулодда вазиятларда электр, сув, телефон ва интернет хизматларида узилишлар юз бериши, таъминот занжирларида ҳам узилишлар кузатилиши мумкинлиги таъкидланди.
Буюк Британия мудофаа вазири Уэс Стритинг мамлакатнинг Телфорд шаҳридаги мудофаа саноати корхонасида қилган чиқишида табиий офатлар, мураккаб киберҳужумлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган терроризм каби таҳдидларга қарши мамлакат янада шай туриши кераклигини билдирди.
Россия ва бошқа ғаним давлатлар кундалик ҳаётда фойдаланиладиган критик инфратузилмаларни нишонга олиши мумкинлигидан огоҳлантирган Стритинг: “Бу таҳдидлар фараз қилинган хаёл эмас, балки ҳақиқатдир. Улар бошқа жойларда эмас, тобора айнан шу ерда қаршимиздан чиқмоқда”, деган фикрларни билдирди.
Вазир Стритинг хонадонлар ва корхоналар эҳтимолий инқирозларга қандай жавоб қайтаришни олдиндан режалаштиришлари муҳимлигини таъкидлади.
Стритинг BBC’нинг “Question Time” дастурида берган баёнотида ҳам ҳукуматнинг мақсади аҳолини қўрқитиш эмаслигига ишора қилиб: “Одамларнинг огоҳ бўлишларини, аммо ваҳимага тушмасликларини хоҳлаймиз”, деди.
Тайёргарлик муайян бир таҳдидга қаратилмаганини урғулаган Стритинг озиқ-овқат ва сув захиралари электр узилишлари ёки киберҳужум сабабли тўлов тизимлари ишламай қолган вазиятларда қўл келиши мумкинлигини айтди.
Буюк Британия хавфсизлик вазири Дэн Жарвис ҳам ватандошларнинг оддий эҳтиёт чораларини кўриши фавқулодда вазиятларда хавфсизлик ва қутқарув хизматларига кўпроқ ёрдамга муҳтож шахсларга биринчи навбатда кўмак бериш имконини беришини билдирди.
Ҳукумат ушбу ташаббус орқали мамлакатнинг инқирозларга қарши чидамлилигини оширишни мақсад қилганини айтган Жарвис Франция, Ирландия ва Нидерландияда ҳам шунга ўхшаш тайёргарлик кампаниялари олиб борилаётганини эслатиб ўтди.
Дунё бўйлаб кўплаб веб-сайтларда қўлланиладиган PHP дастурлаш тилида критик хавфсизлик заифлиги аниқланганидан сўнг, Буюк Британияда 32 та давлат хизматига тегишли веб-сайт эҳтиёт чораси сифатида вақтинча ёпиб қўйилган эди.